Мерос масаласи, нотариал ҳаракатлар бўйича тушунтиришлар берилди

133

 

Аввал хабар қилинганидек, айни пайтда «Юксалиш» ҳаракати томонидан, Ўзбекистон Нотариал палатаси билан ҳамкорликда «Нотариуслардан бепул ҳуқуқий билимлар!» шиори остида навбатдаги акция тадбирлари ўтказилмоқда.

Мақсад – фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, халқ билан мулоқот механизмини яратиш, ҳуқуқни қўллаш соҳасида муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этишга қаратилган таклиф-мулоҳазаларни тайёрлаш, шунингдек, фуқароларга турли ҳуқуқий муаммоли масалаларда амалий ёрдам кўрсатишдан иборат.

Акциянинг иккинчи куни Қорақалпоғистон Республикаси Мудофаа бошқармасида ўтказилди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Мудофаа бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, майор А.Ярматов, «Юксалиш» ҳаракати Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими бошлиғи Т.Романов, Нотариал палатаси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси маслаҳатчиси М.Нарбаев ҳамда хусусий нотариуслар – Женисбай Айтмуратов ва Мансур Нураддиновлар иштирок этди.

Тадбирда ҳарбий қисмда хизмат қилаётган 130 нафардан ортиқ аскар иштирок этди.

Тадбирда нотариуслар томонидан акция иштирокчиларининг нотариал тасдиқланган ҳужжатларга тенглаштирилган ишончнома, васиятномани расмийлаштириш ва онлайн нотариал ҳаракатлар бўйича ҳуқуқий тушунтириш ва нотариат соҳасига оид мавзуларда маърузалар ўтказилди ҳамда иштирокчиларни қизиқтирган ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Тадбир якунида жами 15 нафар фуқарога ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Шундан олтитаси мерос масаласида ва тўққизтаси бошқа нотариал ҳаракатлар бўйича бўлди.

Маълумот учун, «Юксалиш» ҳаракати ва Нотариал палата ўртасидаги ҳамкорлик 2020 йил сентябрь ойида икки ташкилот ўртасида имзоланган Меморандум доирасида йўлга қўйилган. Шу пайтгача фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, нотариат соҳасини ислоҳ қилиш жараёнига фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, эксперт ва олимларни фаол жалб этиш, жумладан, хайрия тадбирлари ва жойларда тарғибот-ташвиқот ишларини ўтказиш билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича келишувларга эришилди.




Акция 2020 йилдан бошлаб 6 йил давомида амалга оширилиб, қамров 2020 йилда 607, 2021 йилда 1166, 2022 йилда 2235, 2023 йилда 4140, 2024 йилда 4320 нафарга кўпайган. Бу йил ҳам 5000 га яқин фуқарога бепул маслаҳатлар бериш режалаштирилган.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги

М.Ҳабибуллаев олган суратлар