Давлат харидлари соҳасида кадрлар салоҳияти оширилади
Яқинда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Давлат харидлари сиёсати департаменти директори Сарвар Назаров, Осиё тараққиёт банкининг давлат харидлари бўйича бош мутахассиси Жулиан Дозчи ҳамда АҚШнинг “Charles Kendall Consulting” компанияси директори Скот Дикен иштирокида икки томонлама учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати маълум қилди.
Мулоқотда Ўзбекистонда давлат харидлари соҳасида мутахассисларни касбий тайёрлаш ва уларнинг малакасини мунтазам ошириш бўйича тегишли тизим яратишга қаратилган қўшма лойиҳани амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Дастлабки босқичда мамлакат миқёсида давлат харидлари мутахассислигига бўлган қизиқиш ва эҳтиёж, ўқув марказлари ҳамда менторлар салоҳиятини таҳлил қилишга йўналтирилган ўрганишлар ташкил этилиши белгиланди. Шунингдек, мутасадди вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ўқув қўлланмалар ишлаб чиқиш ва уларни таълим муассасалари ўқув дастурларига киритиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Сарвар Назаров таъкидлаганидек, ўқитиш жараёнида сертификация тизимини жорий этиш муҳим аҳамият касб этади.
–Сертификация асосида мутахассислар малакасини баҳолаш методологиясини ишлаб чиқиш, шунингдек, бу вазифани амалга оширишда ваколатли органни белгилаш зарур. Шу муносабат билан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ўқув марказда мутахассисларни касбий тайёрлаш, малакасини ошириш ва сертификациялаш жараёнларини йўлга қўйиш таклиф этилди, – деди у.
Учрашув доирасида ишчи гуруҳ тузилиб, унга йил якунига қадар лойиҳани амалга ошириш бўйича устувор вазифалар ҳамда зарур чора-тадбирлар белгилаб берилди. Хусусан, давлат хизмати классификаторига “давлат харидчиси” касбини киритиш масаласи ҳам муҳокама қилинди.
Музокаралар якунида бошқа йўналишларда ҳам ҳамкорлик имкониятлари таҳлил қилинди ва келгусида мазкур масалалар юзасидан мулоқотларни давом эттиришга келишиб олинди.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА