“Орзуларни тиккан қўллар”

20-август“Тадбиркорлар куни
сўз фидойи тадбиркор Нодира Қутлимуратова ҳақида
Бугунги кунда юртимизда тадбиркорликка йўл кенг, имкониятлар эса чексиз. Айниқса, аёлларимизга яратилаётган шароитлар ва билдираётган ишонч – уларнинг ҳаётини янгидан бошлаш, ўз кучини намоён этиш учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда. Президентимиз таъкидлаганидек, “Ҳар бир фидойи тадбиркор – бу янги Ўзбекистоннинг таянчи, иқтисодиётимиз локомотиви”.
Шундай фидойи инсонлардан бири – Нодира Қутлимуратова. У ўзининг матонати ва меҳнатсеварлиги билан нафақат маҳаллада, балки бутун туманда танилган. Нодирани ҳаёт синовлари ҳам йўлидан қайтара олмади: 2-гуруҳ ногирони бўлишига қарамай, у “қўлимдан келмайди” деган сўзни ҳеч қачон ишлатмаган. Аксинча, орзуларига тикув машинаси товуши билан йўл очган.

Аввалига уйи четидаги кичик хонада, дераза олдида тикув машинасида ип-у игна билан мўъжизалар яратар эди. Йиллар ўтиб, ёнига уч-тўрт қизни олиб, кичик цех очди. Ҳар бир бичилган мато, тикилган либос – унинг қалбидаги орзулари, меҳр ва ғуруридан дарак берар эди.
Бугун эса Нодира туман миқёсида йирик тадбиркор сифатида танилган. Ҳозирда у янги, икки қаватли замонавий ишлаб чиқариш биносини қуриш арафасида. “Мақсадим – имкон қадар кўпроқ одамни иш билан таъминлаш, тиккан кийимларим инсонларга қувонч олиб келсин. Ҳозирча 25 иш ўрнимиз бор, янги бино битгач эса 100 иш ўрни яратиб, менга ўхшаган ижтимоий ёрдамга муҳтож аёлларни ҳам банд қилмоқчиман”, – дейди у кўзида порлаган ишонч билан.
Нодиранинг цехида “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган, кам таъминланган оилаларнинг қизлари ҳам ишлайди. Бу эса уни нафақат тадбиркор, балки элга меҳр улашувчи инсон сифатида кўрсатади.
У Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг фаол аъзоси бўлиб, партия тадбирларида доимий иштирок этади. Ҳар йили ўтказиладиган “Ишбилармон аёл” танловида ўз маҳсулотлари билан юқори ўринларни эгаллаб келади. 2023 йилда “Энг яхши бизнес лойиҳаси” танловининг Қорақалпоғистон босқичида фахрли иккинчи ўринни қўлга киритди.
20-август – мамлакатимизда “Тадбиркорлар куни” сифатида нишонланади. Шу муносабат билан биз Нодира Қутлимуратова ва барча юртимиз тадбиркорларини самимий табриклаймиз. Сизлар – янги Ўзбекистоннинг бунёдкорлари, орзуларимизга қанот берувчи кучсиз. Йўлингиз очиқ, меҳнатингиз баракали бўлсин!
Амангул ЭСЕМУРАТОВА, ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши Жамоатчилик билан алоқалар, ахборот сиёсати ва тарғибот ишлари бўлими бошлиғи