«Беш соға» қишлоғидаги 357 хўжалик томорқасига сув етиб борадиган бўлди

157

Депутат халқ билан ҳукумат ўртасида кўприк вазифасини бажарадиган ишончли вакил десак, муболаға бўлмайди. Аҳоли орасида бўлиб, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишга кўмаклашиш депутатга юклатилган муҳим вазифа ҳисобланади.

Нукус туманида сайловчиларнинг бир неча муаммоларини ўрганиб, ижобий ечимга эришган Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Алишер Джуманазаров ташаббуси билан яна бир муаммо ўз ечимини топди. Яъни, унинг ҳомийлигида «Беш соға» овул фуқаролар йиғинида аҳолини қувонтирган муҳим иш амалга оширилди. Энди бу қишлоқдаги 357 хўжаликнинг уй олди томорқа ерларига сув етиб борадиган бўлди.

Аввалроқ депутат «Улгили макон» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи фуқаролар билан учрашув ўтказган эди. Унда «Беш соға» қишлоғи аҳолиси томорқаларни суғориш имконияти етишмаётганини билдириб, қишлоқ ҳудудидан ўтиб турган «Беш соға» канали орқали сув олиб келиш масаласини кўтаришган. Улар замонавий сув насоси ўрнатилиши ва узунлиги 2 километр бўлган янги ариқ қазилиши лозимлигини таъкидлашган.

Масала юзасидан тезкор чора кўрган депутат А. Жуманазаров ўз маблағлари ҳисобидан мазкур ишларга ҳомийлик қилди. Экскаватор ёрдамида 2 километрлик масофада янги ариқ қазилиб, замонавий сув насоси барча зарур ускуналари билан бирга ўрнатилди.


Бу янгилик қишлоқ аҳолиси учун катта қулайлик яратди. Энди томорқа ерларини самарали суғориш, кўкаламзорлаштириш ва турли экинлар етиштириш имкони пайдо бўлди. Бу нафақат аҳолининг ҳаётида ижобий ўзгаришларга сабаб бўлади, балки қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга ҳам хизмат қилади.

Қишлоқ аҳолиси ўзларининг кўп йиллик муаммоси ҳал бўлганидан мамнун. Улар депутат Алишер Жуманазаровга билдирган миннатдорчилигида, бу каби амалий ишлар халқ вакили сифатидаги ҳақиқий масъулиятини намоён этишини таъкидлашди.

                                                                         Қорақалпоғистон ахборот агентлиги