Ёлғиз онани ёлғизлатиб қўймади

168

Байрамларда ҳомийликка муҳтож инсонларга кўрсатилаётган хайрия тадбирлари, юртимиздаги тотувликни, халқлар дўстлигини мустаҳкамлашнинг, кўмакка муҳтож инсонларга ижтимоий ёрдам кўрсатишнинг амалий ифодасидир. Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 34 йиллиги арафасида ҳам шундай хайрли тадбирлар давом этмоқда.

Нукуслик Наталя Маткаримова рус миллатига мансуб. У Нукус шаҳрида туғилиб, вояга етган. Бағрикенг қорақалпоқ элининг тупроғида тенгдошлари билан аҳил ўйнаб ўсди. Бир неча йиллар давомида соғлиқни сақлаш соҳасида ўрта бўғин тиббиёт ходими бўлиб халққа хизмат қилиб келди.

Афсуски, Наталянинг 1995 йилда туғилган фарзанди Руслан Маткаримов болалигидан I гуруҳ ногирони. Наталя Маткаримова 30 йилдан буён шу фарзандига қараб келмоқда. Фарзанди ўзини-ўзи бошқариш имкониятига эга эмас. Шу билан бирга, у сўнгги йилларда қандли диабет касаллигига ҳам чалинган.

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 34 йиллиги байрами арафасида Оролни қутқариш халқаро жамғармаси Ижроия қўмитаси Наталя Маткаримова хонадонидан, фарзандининг ҳолидан хабар олди. Ногиронлиги бўлган фарзандига зарур моддий ёрдам кўрсатилди.

– Мен бу яхшиликларни ҳеч қачон унутмайман. Ўғлим касал бўлиб қолганда, қўлимдан ҳеч нарса келмай, қийналиб юрган эдим. Баъзида унинг аҳволи жуда оғирлашиб қолади. Маблағ камлигидан зарур муолажаларни ўз вақтида олиш имкони ҳам бўлмади.

Шундай бир пайтда Оролни қутқариш халқаро жамғармаси Нукус филиали ходимлари эшигимни тақиллатиб кириб, аҳволимиздан хабар олди. Ёлғиз бошли онани ёлғизлатиб қўймади. Улар нафақат моддий ёрдам беришди, балки мени руҳан ҳам қўллаб-қувватлашди. Мана шу ёрдам бизга умид бағишлади, фарзандимнинг ҳаёти учун курашишимга куч бағишлади. Бизга кўрсатилган хайрли ёрдамдан бошим осмонга етди. Бугун Қорақалпоғистонда турли миллат вакиллари дўстлик ва ҳамжиҳатликда яшаб келмоқда. Мен шу элнинг тузини ичиб, нонини едим. Мен юртимиздаги умуминсоний қадриятлардан миннатдорман, кўрсатилаётган меҳр-муҳаббатдан бўлса, кўзимга ёш келди, – дейди Н.Маткаримова.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги