Тошкентда яна бир нуфузли анжуман бошланди

138

Пойтахтимиздаги “InterContinental Tashkent” меҳмонхонасида “Ўзбекистон, Озарбайжон ва Европа: умумий тараққиёт йўлида ҳамкорлик” мавзусида юқори даражали учрашув бошланди.

Ушбу нуфузли йиғин Низомий Ганжавий халқаро маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Стратегик ислоҳотлар агентлиги ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ташкил қилинган.

Эътиборли жиҳати, форумда ҳукуматимиз вакиллари билан бирга турли минтақалардан 30 нафарга яқин собиқ давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирок этмоқда. Кун тартибида Евросиё мамлакатлари стратегик мулоқотини илгари суриш мақсадини кўзлаган ҳамкорликнинг кўп қиррали йўналишлари қамраб олинган.

Форум очилишида даставвал давлатимиз раҳбарининг анжуман иштирокчиларига йўллаган табригини Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчиси Абдулазиз Комилов ўқиб эшиттирди.

– Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасидаги боғлиқлик масалалари ҳамда бу икки йирик минтақанинг Европа билан ҳамкорлиги истиқболи бугунги муҳокамалар кун тартибининг марказий мавзусига айланиши муҳим, деб ҳисоблаймиз, – дейилган қутлов матнида. Шунингдек, мурожаатда “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи саммитида минтақамиз ва Евроиттифоқ мамлакатлари ўртасида стратегик шериклик ўрнатиш тўғрисида тарихий қарор қабул қилингани алоҳида таъкидланди.

Анжуман аввалида Низомий Ганжавий номидаги халқаро марказ ҳамраиси Исмоил Серагельдин, Сербия собиқ Президенти Борис Тадич, БМТ Бош Ассамблеяси 73-сессияси раиси, 2017-2018 йилларда Эквадорнинг собиқ ташқи ишлар ва мудофаа вазири лавозимларда ишлаган Мария Фернанда Эспиноза сўзга чиқиб, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ҳамкорлигини мустаҳкамлаш йўлидаги интилишларига юқори баҳо берди.

Бундан ташқари, юқори мартабали меҳмонлар Ўзбекистоннинг IT стартапларни қўллаб-қувватлаш, молиявий технологиялар ва электрон ҳукуматни ривожлантириш соҳаларига ихтисослашган халқаро рейтинглардаги юқори натижаларини эътироф этдилар. Шу нуқтаи назардан, илғор рақамли ечимлар ва илмий ишланмаларни амалга оширишда кооперацияни кучайтириш муҳимлиги таъкидланди. Сунъий интеллектни жорий қилиш минтақа давлатлари учун нафақат барқарор ўсиш ва инновацион ривожланиш, балки глобал рақобатбардошликни ошириш имконини ҳам бериши кўрсатиб ўтилди.

Тадбир тафсилотларини ЎзАда кузатиб боринг.

Ўткир Алимов, 

Аслиддин Алижонов (фото), 

ЎзА