Соҳа экспортбоп тармоқ сифатида шаклланмоқда

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасида «Фермер хўжаликларида кўп тармоқли фаолиятни ривожлантириш муаммолари ва вазифалари» мавзусида амалий конференция бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Фермерлар кенгаши раҳбарлари, республика фермер хўжаликлари вакиллари, ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши фаоллари иштирок этиб, тадбир очиқ-ошкора ва конструктив мулоқот майдонига айланди.
Конференцияда ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши ва Ўзбекистон Фермерлари кенгаши раиси Актам Хаитов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари Шуҳрат Тешаев ва бошқалар сўзга чиқиб, давлатимиз томонидан қишлоқ хўжалиги соҳаси вакилларига тизимли равишда кўрсатилаётган ёрдамлар, имтиёзли кредитлар, уруғлик ва кўчат учун ажратилаётган субсидиялар, замонавий техникалар ва ҳосилни бозорга етказишда амалий ёрдам бериш имкониятларига кенг тўхталиб ўтди.

Йиғилишда қайд этилганидек, қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш ва кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш – бу мамлакатнинг аграр салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришга қаратилган устувор йўналишдир. Давлат томонидан кўрсатилаётган қўллаб-қувватлаш, инновацион ечимлар ва фермерларнинг фаоллиги туфайли бугун қишлоқ хўжалиги соҳаси нафақат иқтисодий ўсиш манбаи, балки замонавий, рақобатбардош ва экспортбоп тармоқ сифатида шаклланиб бормоқда.
– Сўнгги йилларда сабзавот ва полиз маҳсулотларини тўғридан-тўғри экспорт қилиш имкониятига эга бўлдик. Имтиёзли кредитлар туфайли замонавий томчилатиб суғориш тизими сотиб олинди. Ҳосилдорлик қарийб икки баробар ошди, – дейди «Қўнғиротбой Меҳрий» фермер хўжалиги раҳбари С.Айтмуратов.

Хўжалик эгаси фермер Т.Маткаримова эса фермерларни янги технологияларга ўқитиш бўйича давлат дастури унга иссиқхонада помидор етиштиришни йўлга қўйишга ёрдам берганини таъкидлади.
– Илгари помидорни фақат очиқ майдонда етиштирардик ва мавсумга боғлиқ эдик. Энди иссиқхоналарда йил давомида маҳсулот оламиз, уруғини ўзимиз етиштириб бозорга ҳам чиқарамиз. Бу барқарор даромад, янги иш ўринлари ва қиш ойларида ҳам маҳсулот етказиб бериш имконини берди.
Конференцияда қишлоқ хўжалигида рақамли технологияларни жорий этиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳам алоҳида қайд этилди. Хусусан, agro.gov.uz платформаси орқали фермерлар учун ер ижараси, субсидиялар, уруғчилик, маҳсулотларини бозорга чиқариш ва сув ресурсларини бошқариш каби йўналишлар рақамлаштирилган. Бугунги кунда ушбу тизимлар орқали 3,2 миллион гектар ер назоратга олинган, 1,4 триллион сўмлик субсидиялар тарқатилган ва 843 минг деҳқон рақамли ижара тизимига жалб қилинган.
Бу рақамли ёндашувлар фермерлар ишини енгиллаштириб, ишончли маълумотлар асосида қарор қабул қилиш имконини яратмоқда. 2025 йилдан бошлаб янги авлод инновацион платформалари – AgroMonitoring, AgroDocs, Hosil Qabul 2.0 каби лойиҳалар жорий этилиши режалаштирилган бўлиб, бу тармоқнинг янада шаффоф, самарали ва технологик ривожланган соҳага айланиши кутилмоқда.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги