Сенат Раиси бошчилигидаги Ўзбекистон парламент делегацияси Қозоғистон Республикасига ташриф буюрди

Жорий йилнинг 18 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги парламент делегацияси Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати Раиси Маулен Ашимбаевнинг таклифига биноан Остона шаҳрига расмий ташриф билан келди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати ўртасида 2025-2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорликни ривожлантириш бўйича “йўл харитаси”ни имзолаш режалаштирилган. Ҳужжат парламентлараро мулоқотни мустаҳкамлаш ва икки томонлама кун тартибидаги долзарб масалалар бўйича ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган.
Ташриф дастурига мувофиқ Сенат Раиси Танзила Нарбаеванинг Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати Раиси Маулен Ашимбаев, Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажлиси Раиси Ерлан Кошанов, шунингдек, Қозоғистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хотин-қизлар ва оилавий-демографик сиёсат ишлари бўйича миллий комиссия аъзолари билан учрашувлари назарда тутилган.
Бундан ташқари, делегация аъзолари Ўзбекистон ва Қозоғистон илмий-ижодий зиёлиларининг биринчи форумида ҳам иштирок этади, шунингдек, “Остона” халқаро молия маркази фаолияти билан танишади.