Куз-қиш мавсумига тайёргарлик – кечиктириб бўлмайдиган тадбирлар

281

Газ таъминоти соҳаси ходимлари бугунгидек очиқ кунларда эътиборни газ тармоқларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишларига қаратмоқда.

Куз-қиш мавсумида истеъмолчиларга бир маромда табиий ва суюлтирилган газ етказиб беришда дуч келинадиган муаммоларнинг олдини олишда газ тармоқларини техник кўрикдан ўтказиш муҳим саналади.

Айни пайтда соҳа мутахассислари жойларда газ тармоқларини капитал таъмирлаш, қуриш, реконструкция қилиш ишлари билан бирга, муаммоли ҳудудлардаги газ таъминоти билан боғлиқ мурожаатларни ўрганиб, уларни бартараф этиш ишларига эътибор қаратмоқда.

– «Ҳудудгаз Қорақалпоғистон» газ таъминоти филиали томонидан 2025-2026 йил куз-қиш мавсумида газ таъминоти барқарорлигини таъминлашда манзилли дастур асосида белгиланган чора-тадбирлар бўйича жойларда кенг кўламли қурилиш, реконструкция, йирик таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда, – дейди Нукус тумани газ таъминоти бўлими бош муҳандиси И.Бахиев.

Нукус туманидаги Дарсан маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги «Жийдели» қишлоғи, Оқ терак маҳалла фуқаролар йиғини, Қиронтов ва Бақаншақли қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудларидаги истеъмолчиларни ва ижтимоий объектларни табиий газ билан таъминловчи Д-219 мм.ли ўрта босимли газ тармоғининг 1,7 километрлик қисмини ер устига чиқариш ва реконструкция қилиш ишлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, Нукус туманида 10167 хусусий истеъмолчи ва 127 улгуржи истеъмолчилар табиий газ билан таъминланган. Уларга табиий газ етказиб беришда туман бўйича жами 477,5 километр узунликдаги газ тармоқлари ишлаб турибди. Шуларнинг 12,1 километр қисми юқори, 156,8 километр қисми ўрта, 308,6 километр қисми паст босимли газ тармоқларидир.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги