Ватан муқаддас, уни ҳимоя қилиш энг олий бурчдир

297

Чегарачи ўзига юклатилган жанговар хизмат вазифаларини бажараётиб, бир сония ҳам ҳушёрликни унутмайди. Чунки, бу масъулиятнинг ортида ота-оналари, дўст-ёронлари борлигини, юрт кенгликларидаги тинч ҳаёт чегарадан бошланишини яхши билади. Юртимизнинг турли ҳудудларида ўзига бириктирилган хизмат вазифасини шараф билан олиб борар экан, улар мустақил юртимизнинг ҳар қарич ерини кўз қорачиғидек асраб-авайлайди.

Ватан остонадан бошланади, дейди халқимиз. Давлат чегарасидаги махсус назорат ўтказиш пунктлари эса – мамлакатимиз дарвозаси ҳисобланади.

Чегара назорати орқали ҳарбий хизматчилар фидойилиги, мардлиги, ҳушёрлиги билан давлат чегараларидан гиёҳванд моддалар, товар-моддий бойликларнинг ноқонуний олиб ўтилишининг олдини олиб, эркинлигимизга соя соладиган ташқи кучлардан ҳимоя қилиб келмоқда.

Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар ҳам алоҳида таҳсинга лойиқ.

Ана шундай эзгу ишлардан бири чегарачиларимизга хизмат уйларининг топширилиши бўлди.

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 34 йиллик байрами муносабати билан Қўнғирот туманидаги «Қорақалпоғистон» аҳоли пунктида жойлашган ҳарбий қисмлардан бирида хизмат бурчини мардона бажараётган ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари учун мўлжалланган хизмат уй-жойларининг калитларини ўз эгаларига тантанали топшириш маросими бўлиб ўтди.

Байрам тадбирида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, туман фаоллари ва Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари қўмондонлигининг масъул офицерлари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар, сўнгги йилларда юрт посбонлари учун муносиб хизмат ва турмуш шароитларини яратишга катта эътибор қаратилаётгани, бу қурилиб фойдаланишга топширилаётган шинам уй-жойлар ҳам ана шу юксак эътиборнинг намунаси эканини алоҳида таъкидлади.

Байрам табригидан сўнг орзиқиб кутилган вақтларга навбат келиб, уйларнинг калитлари ўз эгаларига топширилди.


Ҳарбий байрам либосларида саф тортган, юзида қувонч ифодаланган ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари учун замонавий лойиҳалар асосида барпо этилган ушбу 48 хонадонли муҳташам бино шинам ва барча замонавий қулайликларга эга. Шунингдек, тадбирда ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари бандлигини таъминлаш мақсадида тўлиқ жиҳозланган тикувчилик цехи ҳам фойдаланишга топширилди.

Албатта, бундай қулайликларнинг яратилиши, чегараларимиз посбонларининг ўз оиласидан хотиржам бўлиб, зиммасидаги жанговар-хизмат вазифаларини янада масъулият билан адо этишида муҳим аҳамият касб этади.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги