Давлат харидлари электрон тизими операторлари тўғрисидаги низом тасдиқланди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Давлат харидларида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишни кенгайтириш ҳамда давлат харидлари электрон тизими операторлари фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, Давлат харидлари электрон тизими операторлари тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомда:
давлат харидлари электрон тизимини ташкил этиш тартиби;
давлат харидлари субъектларини давлат харидлари электрон тизимида рўйхатдан ўтказиш қоидалари;
давлат харидлари электрон тизими операторлари томонидан қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлаш ва дастлабки кузатувдан ўтказиш тартиби бегилаб берилган.
2025 йил 15 августдан бошлаб:
энг яхши таклифларни танлаш ва тендер натижалари бўйича шартномалар давлат харидларининг электрон тизимида автоматик тарзда шаклланади, жисмоний шахслар билан тузиладиган фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар бундан мустасно;
давлат харидларида электрон рақамли имзоларидан фойдаланган ҳолда тўғридан-тўғри шартномалар электрон шаклда тузилади, хорижий етказиб берувчилар билан тузиладиган шартномалар бундан мустасно;
махсус ахборот порталида давлат харидларига оид шарҳлар, таклифлар ва шикоятларни қолдириш учун қайта алоқа тартиби жорий этилади;
жамоатчилик муҳокамасига жойлаштирилган баённомалар ва тузиладиган шартномалар юзасидан келиб тушган эътирозлар бўйича давлат буюртмачилари томонидан уларни кўриб чиқиш натижалари ҳақидаги маълумотлар (тегишли қарори) давлат харидлари соҳасида назорат қилувчи органлар учун очилган шахсий кабинетларда акс эттирилади.
Қарорга кўра:
давлат харидларини амалга оширишда харид қилиш ҳужжатларини ва техник топшириқларни, шартномалар, импорт контрактлари ва уларга қўшимча келишувлар лойиҳаларни комплекс экспертизадан ўтказмаслик мақсадида давлат харидлари ҳажмини қисмларга бўлиб ташлашга йўл қўйилмайди;
давлат харидларига оид харид қилиш ҳужжатларида иштирокчиларнинг таклифларини баҳолаш мезонларини қўллаш тартиби мажбурий кўрсатилади;
давлат буюртмачилари томонидан жамоатчилик муҳокамасида келиб тушган ҳар бир таклиф ва эътирознинг улар бўйича аниқ ва асослантирилган изоҳларни кўрсатган ҳолда кўриб чиқилиши таъминланади;
бюджет тизими бюджетлари ҳисобидан мобил телефонлар ва алкоголь маҳсулотлари Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда харид қилинади;
операторлар томонидан амалда белгиланган харид қилиш тартиб-таомилларини амалга ошириш билан боғлиқ хизматлар учун воситачилик йиғими битимнинг ҳақиқий суммасидан 0,15 фоиздан ошмаган ҳолда, бироқ ушбу йиғимларнинг чегаравий миқдорлари давлат буюртмачилари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 фоизидан кўп бўлмаган ҳамда харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчилари учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 14 бараваридан кўп бўлмаган миқдорларда ундирилади;
агар донор мамлакатларнинг, халқаро ташкилотларнинг, чет эл ҳукумат ва ноҳукумат ташкилотларининг тартиб-таомилларида ёки Ўзбекистон Республикасига тақдим этиладиган чет эл кредитларини ва грантларини, техник кўмакни ва бошқа ташқи беғараз кўмакни тақдим этиш шартларида товарларни (ишларни, хизматларни) харид қилишнинг бошқача тартиби белгиланганда, операторлар томонидан ўзларининг тизимларида ушбу тартиб бўйича харидларни амалга ошириш имконияти яратилади.
ЎзА