Ёшлар бандлигини таъминлашдаги самарали ташаббуслар

Муносабат
Жорий йилнинг 8 август санасида Маҳтарам Президентимиз раҳбарлигида видеоселектор тарзида ўтказилган мажлис олий ўқув юртлари раҳбарлари ва бутун ёшларимизнинг келажаги учун жуда муҳим ташаббусларга бой бўлди.
Чунки, йиғилишда бугунги кундаги энг долзарб масалалардан бири – ёшлар масаласи, жумладан, олий таълим битирувчиларининг бандлигини таъминлаш масалалари кўриб чиқилди.
Дарҳақиқат, олий таълимнинг асосий мақсади – эл-юртимизнинг, Янги Ўзбекистон ва Қорақалпоғистоннинг бўлажак малакали кадрларини тайёрлаш, уларга нафақат назарий ва амалий билимлар бериш, балки уларнинг жамиятда ўз ўрнини топишига, ўзи танлаган мутахассислик йўналишида бандлигини таъминлашдан иборат.
Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 февралдаги «Олий таълим муассасалари битирувчиларининг ишга жойлашишига кўмаклашиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-61-сонли қарорини таъкидлаш жоиз. Ушбу қарор асосида ёшлар бандлигини таъминлаш, олий таълим муассасалари битирувчиларининг меҳнат бозорига интеграциясини кучайтириш мақсадида мамлакатимизда «Келажакка қадам» дастури амалиётга татбиқ этилди.
«Келажакка қадам» дастурининг амалиётга татбиқ этилиши олий таълим муассасалари битирувчиларининг бандлигини таъминлашда уларнинг бизнес кўникмаларини шакллантириш, ўз соҳасидаги бизнес лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этишларига кўмаклашишга хизмат қилмоқда.
Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилиши шу борадаги самарали ташаббусларнинг давоми бўлди. Унда Юртбошимиз томонидан бу борадаги, яъни кадрлар тайёрлаш тизими реал талабни қониқтирмаётгани қайд этилиб, бу борада намунали олий ўқув юртлари ва улар эришаётган ижобий натижалар тилга олинди.
Шунингдек, олий таълимни соҳалар талаби даражасига кўтариш, кадрлар тайёрлаш сифати ва ёшлар бандлиги кўрсаткичини жадал ошириш бўйича янги ташаббуслар илгари сурилди.
Хусусан, бундан буён инвестор ёки иш берувчилар билан олий ўқув юртлари масъуллари ўртасида мақсадли ҳамкорлик амалиёти йўлга қўйилмоқда. Бу – келгусида олий ўқув юртлари иш берувчилар талабига кўра мутахассислар тайёрлаб беради, асосийси уларнинг бандлиги кафолатланади, дегани.
Видеоселектор йиғилишида Президентимиз олий ўқув юртларининг ваколат доирасини кенгайтиришга ҳам тўхталиб ўтди. Эътибор беринг, бундан буён барча олий ўқув юртлари ташкилий ва академик жиҳатдан мустақил бўлади. Жумладан, эндиликда олий ўқув юртлари раҳбарлари ўринбосарларини ўзи тайинлайди, белгиланган миқдор доирасида профессор-ўқитувчилар ва бошқарув ходимларини ўзи тақсимлайди ҳамда ректорларга «супер контракт» миқдорини тоифаланган ҳолда белгилаш ваколати ҳам берилмоқда.
Президентимиз томонидан яна бир муҳим ташаббус. Барчамизга маълумки, кейинги йилларда ёшларни олий ўқув юртларига қамраб олишда кенг имкониятлар яратилди. Шулардан бири – абитуриентларнинг бир вақтда 5 тагача олий ўқув юртига ҳужжат топшириш имкониятининг берилиши. Йиғилишда бу имконият янада кенгайтирилиши қайд этилди. Яъни, бундан буён абитуриентлар ўзи танлаган бешта олий ўқув юртидан бирортасига ҳам кира олмаган бўлса, бироқ тўплаган бали бошқа олий ўқув юртидаги тўлдирилмаган йўналишга тўғри келса, улар ўша олий ўқув юртига шартнома асосида қабул қилиниши мумкин бўлмоқда.
Бу ҳам олий маълумотли бўламан, ўзи танлаган мутахассисликка эга бўлиб, эл-юртимиз тараққиётига ўз ҳиссамни қўшаман, деган ёшларга яратилган имкониятларнинг давоми бўлди.
Хулоса қилиб айтганда, Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилиши олий ўқув юртларининг нуфузини ошириш ва ваколат доирасини кенгайтириш, энг муҳими, иш берувчилар билан яқин алоқа ўрнатиш орқали ёшларимизнинг кафолатланган юқори бандлик кўрсаткичларига эришишда жуда муҳим бўлди.
Бунда албатта, олий ўқув юртлари раҳбарларига ҳам катта масъулият юкланади. Бу борада Ҳурматли Президентимизнинг бизга билдираётган ишончи ҳамда бераётган ваколатларидан самарали фойдаланишимиз лозим.
Аманжол АЯПОВ,
Қорақалпоғистон Республикаси Олий таълим,
фан ва инновациялар вазири.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги