Спорт ҳаётирининг мазмунига айланди ёки Боҳий Жумамуратов босиб ўткан йулига қисқача штрихлар

212

«Яхшининг яхшилигини айт, иймони тошсин» деганларидек, спорт соҳасининг фидойиси, эркин кураш бўйича собиқ иттифоқ спорт устаси Бахий Жумамуратов ҳақида сўз юритадиган бўлсак, кўпчилик замондошларимиз унинг юксак инсоний фазилатларини ҳурмат билан тилга олади.

Тахтакўпирлик уста Жумамурат аканинг оиласида дунёга келган унинг болалик даври Нукус шаҳрида ўтди. Пойтахтимиздаги 4-сонли умумий ўрта таълим мактабида ўқиб таълим олган у болалигидан спортга қизиқиб ўсди. Айниқса, республикамизга машҳур полвон Жақсимурат Мамбетовнинг кўплаб болалар сингари, Бахийни ҳам спорт мактабида ташкил этилган эркин кураш тўгарагига чорлаши, унинг бу спорт турига бўлган иштиёқини оширди ва спортни бутун ҳаётининг мазмунига айлантирди, десак янглишмаган бўламиз.

Мактабда ўқиб юрган кезлари аввал республика, сўнгра бутун иттифоқ спартакиадаларида қатнашиб, чиниққан у Ўзбекистон, кейинчалик собиқ иттифоқ чемпионатларида ўз маҳоратини намойиш этиб, қатор мусобақаларда ғолибликни қўлга киритди.

Ўрта мактабни тугатгандан сўнг Қорақалпоқ давлат педагогика институтининг жисмоний тарбия факультетига ўқишга кириб, ўзининг амалий билимларини назарий жиҳатдан мустаҳкамлаб, бу даргоҳни 1976 йили муваффақиятли тугатишга эришди.

Кейинчалик ўзининг танлаган касби бўйича Нукус шаҳридаги 3-сонли ихтисослаштирилган ўсмирлар спорт мактабида мураббий бўлиб ишга кирди ва ёш ўсмирларга эркин курашнинг турли сирларини ўргатди. «Устозлик қилган чарчамайди» деганларидек, унинг болалар билан эринмай бирга шуғулланиши, уларга тўғри йўл-йўриқ кўрсатиши ўзининг ижобий натижасини кўрсатиб, кўплаб шогирдлари Ўзбекистон миқёсидаги мусобақаларда ғолибликни қўлга киритди.

Хусусан, Шарап ва Кенесбой Сариев, Абай Эшонов, Эрмак ва Марс Бахиевлар Ўзбекистон ва собиқ иттифоқ миқёсидаги мусобақаларда ғолиб чиқиб, республикамиз шарафини кўкларга кўтарди.

-Бахий акани 6-синфимдан бери биламан, – дейди таниқли полвон ва тажрибали мураббий Шарап Сариев. – Ўша йиллари у мактабимизда эркин кураш секциясини очиб, ўқувчиларни шуғуллантира бошлади. Унинг мураббийлик маҳорати туфайли, тез орада эркин кураш билан шуғулланувчилар сони ортиб, улар залга сиғмай турарди. Сабаби, устозимиз ўзининг илиқ сўзи ва одоби билан кўпчиликнинг назарига тушган талабчан инсон бўлди. Менинг олий ўқув юртига кириб, шундай машҳур мураббий бўлиб етишишим ҳам, унинг салмоқли меҳнати бор. Биз устозимизнинг бу олижаноб фазилатларини ҳеч қачон унутмаймиз.

Боқий ака шогирдларига меҳрибон ва талабчан устоз бўлиш билан бирга, ўз вазифасига ўта масъулиятли ходим бўлди. Унинг бу фазилатлари тез орада кўзга ташланиб, у дастлаб спорт мактаби директорининг ўринбосари, кейинчалик директор бўлиб ишга тайинланади.

-Бахий ака билан 1998 йилдан бошлаб ҳамкорлик қилдик, – дейди унинг шогирдларидан бири Серик Жўсипбеков. – У спорт мактабида директор вақтида барча ходимларга тенг муносабатда бўладиган жуда адолатли ва камтар раҳбар бўлди. Мени республика спорт мактабидан ишга таклиф қилиб, ўзи бошқарган мактабга мураббий қилиб ишга олди ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлади. Устозимизнинг панд-насиҳатини тинглаб бизлар ҳам кам бўлмадик. Аттанг, шум ажал уни орамиздан эрта олиб кетди…

Дарҳақиқат, Бохий Жумамуратов кучли паҳлавон, моҳир ташкилотчи раҳбар бўлиш билан бирга, софдил, вазмин ва камтарин инсон эди.

Шунинг учун бўлса керак, республикамиз раҳбарлари унинг ишчанлиги ва фидойилигини инобатга олиб, Қорақалпоғистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт бўйича давлат қўмитасига раис этиб тайинлади. Ушбу масъулиятли лавозимда ишлаган йиллари республикамиз спортчилари Ўзбекистон ва халқаро миқёсдаги мусобақаларда катта ютуқларни қўлга киритиб, юртимиз байроғини баландларда ҳилпиратди.

– Оилада 2 ўғил ва 2 қиз бирга тарбияландик, – дейди Боқий аканинг тўнғич ўғли Олим.  Бизларнинг спорт билан шуғулланиб, элимизга керакли, билимли азаматлар бўлиб етишишимизни хоҳлардилар. Шу боис иш билан бирга, оиладаги болалар тарбиясига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Бунинг натижасида бизларнинг барчамиз ҳам олий ўқув юртларини тамомлаб, бугунги кунда халқ хўжалигининг турли соҳаларида самарали хизмат қилиб келмоқдамиз.

Бизлар бугун Боқий акани бекорга гапирмадик. Чунки, бугун бу инсон тирик бўлганида ўзининг 70 ёшини нишонлаган бўлар эди. Афсуски, шум ажал уни орамиздан эртароқ олиб кетди. Лекин, устознинг ўзи бўлмаса-да, унинг оила аъзолари, дўстлари, шогирдлари ва бирга ишлаган ҳамкасблари бу инсонни ҳурмат билан хотирламоқда.

«Яхшидан шарофат» дегани шу бўлса керак.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси