Табиий газ таъминоти сифатини ошириш ишлари бошланди

Элликқалъа туманидаги «Иқбол» маҳалласи аҳолисининг табиий газ билан тўлиқ таъминланиши бўйича муаммога барҳам бериш мақсадида кенг кўламли ишлар бошланди. Қорақалпоғистон Республикаси прокурорининг ўрганишлари натижасида маҳалла аҳолисининг бу борадаги мурожаатлари ижобий ҳал этиш йўлига қўйилди.
Туманнинг «Навоий», «Иқбол» ҳамда «Элликқалъа» овул фуқаролар йиғинларини табиий газ билан таъминловчи эскирган ва 30 йилдан зиёд ишлатилган 2,1 км узунликдаги ер ости газ қувурлари бутунлай янгиланмоқда. Бу ишлар тугагандан сўнг 1 955 та хонадонга газ етказиб бериш сифатли даражада яхшиланади ва йиллик 180 минг куб метрдан зиёд газ йўқотилишининг олди олинади, – деб маълумот беради туман ҳокимлиги Ахборот хизмати бўлими.
Аҳоли учун зарур қулайликларни яратиш мақсадида амалга оширилаётган мазкур лойиҳа аҳоли турмуш даражасини кўтаришда муҳим аҳамият касб этади. Бундан ташқари, табиий газ таъминотининг барқарор ва самарали бўлишига хизмат қилади.


Мавжуд муаммоларни бартараф этиш ва аҳоли мурожаатларига тезкор ечим топиш жамиятнинг истиқболли ривожланишида устувор аҳамиятга эга эканлиги яна бир бор исботланмоқда.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги