Абай маънавий мероси маданий интеграцияни мустаҳкамлашга ҳисса қўшмоқда

139

Айни пайт Марказий Осиё халқаро институти (МОХИ)да “Марказий Осиё халқлари маданий интеграциясини мустаҳкамлашда Абай маънавий меросининг ўрни” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтяпти.

Қозоғистоннинг мамлакатимиздаги элчихонаси кўмагида ташкил этилган мазкур тадбир минтақа маданий-гуманитар кун тартибида алоҳида ўрин эгаллайди.

Анжуманда давлат идоралари, дипломатик корпус, илмий ва ижодий доира вакиллари, шунингдек талабалар, академик жамоатчилик етакчилари қатнашмоқда.

Иштирокчилар орасида Марказий Осиё мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар тадқиқотчилари, ёзувчилар, таржимонлар, маданият ва санъат арбоблари, шунингдек Ўзбекистондаги қозоқ, қирғиз, тожик, туркман, озарбайжон, беларусь, рус, татар ва бошқирд маданият марказлари фаоллари бор.

Конференцияда буюк қозоқ шоири, мутафаккири ва ислоҳотчиси Абай Қўнонбой ўғлининг 180 йиллиги муносабати билан унинг серқирра мероси ҳақида фикр алмашилмоқда.

МОХИ директори Жавлон Ваҳобов улуғ адибнинг инсон, жамият, маърифат ва ахлоқий қадриятлар билан боғлиқ қарашлари ХХI асрда ҳам долзарблигини йўқотмай, давлатлараро мулоқот ва маданий ҳамкорликка илҳом беришда давом этаётганини қайд этди.

Қозоғистоннинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Бейбут Атамқулов шоирнинг адабиёт, санъат ва маданият ривожига қўшган ҳиссаси хусусида сўзлаб, Президент Қосим-Жомарт Тоқаев ташаббуси билан қардош юртда Абай хотирасини абадийлаштириш мақсадида амалга оширилаётган ишларга тўхталди.

Таъкидланишича, Абайнинг шеърий асарлари ва “Насиҳат сўзлари”да ифода этилган инсонпарварлик тамойили турли халқлар бир-бирини яхшироқ англашига, маънавий маданиятни бойитишга кўмаклашади. Бу таълимот глобал чақириқлар ва ўзаро боғлиқлик шарти зарурати кучайиб бораётган шароитда янада долзарблик касб этади.

– Абай халқни жаҳолатдан қутқаришга интилган. Унинг асарлари нафақат қозоқ ўқувчилари, балки бутун Марказий Осиёнинг умумий бойлиги сифатида, ўзбек китобхонлари учун ҳам қадрли, – дейди маданият вазири ўринбосари Мурод Мажидов. – Шу боис юртимизда ҳам ушбу мутафаккир ҳаёти ва ижодини чуқурроқ тадқиқ этиш мақсадида турли маданий тадбирлар ўтказилмоқда.

Анжуманда ёшлар, илмий доира вакиллари, кенг жамоатчилик орасида Абай ғояларини тарғиб этишга қаратилган илмий ва маданий талқинлар алмашиниб, амалий ташаббуслар ишлаб чиқилмоқда. Умуман, тадбир маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш, маданиятлараро мулоқот кўламини кенгайтиришга хизмат қилади.

Беҳруз Худойбердиев,

Муҳаммад Амин (фото), ЎзА