Битирувчилар бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар кўриб чиқилди

Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қ.Шарипов Қорақалпоғистон Республикасига хизмат сафари доирасида Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида олий ва профессионал таълим муассасалари раҳбарлари билан учрашди.
Учрашувда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси М.Атамуратов, Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари Б.Отемуратов, вазирлик ва ташкилотлар раҳбарлари, шунингдек, масъул вакиллари иштирок этди.
Кун тартибига мувофиқ, дастлаб ташкилий масала кўриб чиқилиб, Қорақалпоғистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазири лавозимига Аманжол Аяповнинг тайинланганлиги маълум қилинди.

Таъкидлаш жоизки, А.Аяпов тайинловга қадар Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиали директори лавозимида фаолият юритган.
Шундан сўнг тадбирда олий таълим муассасалари битирувчи талабалари, шунингдек, профессионал таълим муассасалари битирувчи ўқувчиларининг бандлигини таъминлаш йўналишида амалга оширилаётган ишлар кўриб чиқилди. Бу борада мавжуд камчиликлар қайд этилиб, муаммоларни бартараф этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.
Вазир Қ.Шарипов Президентимиз раислигида олий таълим муассасалари битирувчилари бандлигини таъминлаш бўйича ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлашда иш берувчилар, ишлаб чиқариш корхоналари билан ҳамкорликнинг аҳамиятини таъкидлади. Бу борадаги ишларни янада такомиллаштириш ва мувофиқлаштириш мақсадида битирувчилар бандлигини таъминлаш штаби ташкил этилишини маълум қилди.





Учрашувда иш берувчи тегишли вазирлик ва корхоналар, шунингдек, олий ва профессионал таълим муассасалари томонидан ҳамкорликда амалга ошириладиган ишлар, шу билан бирга, янги ўқув йилига пухта тайёргарлик кўриш вазифалари белгилаб олинди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги