Аляскадаги учрашув: Трамп ва Путин тарихий музокарага тайёрланмоқда
АҚШ ва РФ президентлари Алясканинг Анкориж шаҳридаги ҳарбий базада юзма-юз суҳбатлашишга яқин турибди. Мазкур учрашув Россия ва Украина зиддиятини муҳокама қилишга бағишланади, бироқ жой танлови амалий ва рамзий маънога эга, деб ёзмоқда “Euronews” нашри.
Маълумки, Россия империяси 1867 йилда Аляскани АҚШга 7,2 миллион доллар эвазига сотган. Бу қарор Қрим уруши (1853–1856) натижасидаги катта қарзларни тўлашга ёрдам бериш мақсадида қабул қилинган. Ўша даврда Аляска Кремль учун иқтисодий жиҳатдан муҳим ҳудуд ҳисобланмаган. 1949 йилда эса Аляска Қўшма Штатларнинг 49-штати сифатида эълон қилинди.

Путин Анкорижга ташриф буюрган биринчи рус етакчиси бўлади. Анкориж РФ ҳудудига жуда яқин — Аляска материги ва Россия орасидаги масофа атиги 90 км. Беринг бўғозида эса кичик Диомеде ороли (АҚШ) ва катта Диомеде ороли (Россия) орасидаги масофа 4 км дан кам.
Ижтимоий тармоқларда Россия Аляскани қайтариб олишга тайёргарлик кўраётгани ҳақидаги миш-мишлар тарқалган. Айрим фойдаланувчилар 2022 йилда Россия Олий суди гўёки 1867 йилги савдо битимини бекор қилганини иддао қилмоқда, бироқ ҳеч қандай расмий ҳужжат бу даъвони тасдиқламайди.
Мусулмон Зиё, ЎзА