Ўзбекистон ва Германия ҳудудлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари фаоллашмоқда

Ўзбекистон элчиси Дилшод Ахатов Германиянинг Тюрингия федерал ўлкаси Бош вазири Марио Фойгт, парламент раиси Тадеус Кёниг ҳамда Иқтисодиёт ва қишлоқ хўжалиги вазирлиги давлат котиби Марио Зукерт билан учрашувлар ўтказди, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА мухбири.
Тюрингия федерал ўлкаси Бош вазири Марио Фойгт билан кечган мулоқот чоғида Бош вазир Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни ижобий баҳолаб, мамлакатда барча соҳаларда улкан динамика кузатилаётганини алоҳида таъкидлади.
Учрашув якунида Ўзбекистон ва Тюрингия муносабатларини янада ривожлантириш, автомобилсозлик, тўқимачилик, IT ва юқори технологиялар, қишлоқ хўжалиги, дуал таълим ва бошқа соҳаларда шерикликни жадаллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга оширишга келишиб олинди.
Ўлка парламенти раиси Тадеус Кёниг билан суҳбат давомида эса немис томони қонунчилик, туризм ва маданият йўналишларидаги ҳамкорликни ривожлантириш ва ўзаро тажриба алмашишдан манфаатдор эканлигини маълум қилди. Хусусан, республикамизнинг туризм соҳасидаги салоҳияти ва имкониятларини юқори баҳоланди.
Иқтисодиёт ва қишлоқ хўжалиги вазирлиги давлат котиби Марио Зукерт билан бўлиб ўтган мулоқот чоғида Ўзбекистонга тюрингиялик ишбилармонлар делегацияси сафарини ташкил этиш, республикамиз ва Тюрингия федерал ўлкасида ўтказиладиган халқаро кўргазмаларда икки томон бизнес вакилларининг иштирокини ишлаб чиқиш ҳамда иқтисодий ҳамкорликни тизимли йўлга қўйиш бўйича механизмларини шакллантириш масалалари муҳокама қилинди.