Ҳарвард олимлари Альцгеймерга қарши янги даво топди

Ҳарвард тиббиёт мактаби олимлари Альцгеймер касаллигига қарши умидли янгилик эълон қилди. Ўн йил давом этган тадқиқотлар натижасида улар йўқолган хотирани тиклаш имконини берадиган янги ёндашувни топди.
Мутахассислар аниқлашича, Альцгеймер касаллигида амилоид-бета деб аталувчи оқсиллар миядаги литийни ўзлаштириб юборади. Натижада литий нейронларга етиб бормайди, ҳужайралар ўртасидаги алоқа бузилади ва хотира йўқолади.
Бу муаммони ҳал қилиш учун олимлар литий оротат — арзон ва хавфсиз бирикмадан фойдаландилар. Ҳайвонларда ўтказилган тажрибалар шуни кўрсатдики, бу препарат нафақат хотирани тиклаши, балки зарарланган мия тўқималарини қайта тиклаши ҳам мумкин.
Аввалги кузатувлар ҳам буни тасдиқлайди. Масалан, Даниянинг ичимлик сувида литий миқдори юқори бўлган ҳудудларда деменция камроқ учрайди. Бу литий мия саломатлиги учун қанчалик муҳимлигини кўрсатади.
Бироқ олимлар эҳтиёткорликка чақирмоқда. Ҳозирча усул фақат сичқонларда синовдан ўтган, одамлар устида клиник тадқиқотлар эндигина бошланмоқда. Шифокор назоратисиз литий қўшимчасини қабул қилиш тавсия этилмайди.
Агар синовлар муваффақиятли якунланса, литий оротат дунё бўйлаб миллионлаб беморлар учун арзон, хавфсиз ва самарали даво бўлиши мумкин. Бу — йўқолган хотирани қайтариш йўлидаги катта қадам.
Мадинабону Насриева,Улуғбек Тўхтаев, ЎзА