Космик технологиялар иқтисодиёт ва давлат бошқарувида самарадорликни оширади
Космик технологияларни ривожлантириш давлат бошқаруви ва иқтисодий тармоқларда самарадорликни оширишда муҳим аҳамиятга эга.
Бу технологиялар давлат дастурларини амалга оширишда маълумотларни тўлиқ ва аниқ тақдим этиш, қарор қабул қилиш жараёнларини оптималлаштириш ҳамда ресурсларни самарали тақсимлаш имконини беради.
Иқтисодиёт ва молия вазирлигида Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги (“Ўзбеккосмос”) вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда шу ҳақда сўз борди.
Унда иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Отабек Фозилкаримов, “Ўзбеккосмос” агентлиги директори Шуҳрат Қодиров ва икки томоннинг тегишли масъул ходимлари иштирок этди.

Учрашув давомида агентлик фаолияти ва устувор йўналишларига оид тақдимот намойиш этилди. Шунингдек, қишлоқ хўжалигида сув истеъмолини мониторинг қилиш, ер муносабатлари соҳасида рақамли назоратни кучайтириш, яшил ҳудудларни аниқ ҳисобга олиш ва рақамлаштириш, ноқонуний қурилишларни ўз вақтида аниқлаш каби йўналишларда космик кузатув технологияларидан фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Отабек Фозилкаримов қайд этганидек, космик технологияларни давлат бошқаруви жараёнларида қўллаш нафақат идоралар самарадорлигини оширади, балки иқтисодий режалаштириш ва ресурслардан мақбул фойдаланишга хизмат қилади.
Тадбирда маълумот берилгани каби “Ўзбеккосмос” 2019 йилда ташкил этилган давлат агентлиги бўлиб, мамлакатимизда космик соҳадаги давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш, замонавий космик технологияларни жорий этиш, сунъий йўлдошлар орқали мониторинг ва ахборот хизматларини ривожлантириш, шунингдек халқаро космик ҳамкорликни кенгайтириш билан шуғулланади.
Агентлик ҳамкорлигида қишлоқ хўжалиги, геология, сув хўжалиги ва экология соҳаларидаги мониторинг имкониятлари сезиларли даражада кенгайтирилади. Масалан, қишлоқ хўжалигида ер майдонлари ва экинлар ҳолати спутник кузатувлари орқали аниқланади. Бу эса самарадорликни ошириш ва сув ҳамда минерал ресурсларидан мақбул фойдаланишни таъминлайди.
Шуҳрат Қодировнинг сўзларига кўра, геология, сув хўжалиги ва экология соҳаларидаги лойиҳаларни амалга оширишда космик хизматлардан кенг фойдаланиш, шунингдек, космик хизматлар бозорини ривожлантириш учун зарур институционал ва технологик шарт-шароитларни яратиш муҳим аҳамиятга эга.
Учрашув якунида томонлар космик технологияларни иқтисодий режалаштириш ва тармоқлараро бошқарув жараёнларига интеграция қилиш, шу орқали давлат бошқарувида самарадорликни ошириш ва инновацион ечимларни жорий этиш бўйича ҳамкорликни янада кенгайтиришга тайёр эканликларини билдирди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА