Хитойда дунёдаги энг баланд кўприк қурилиши бошланди

176

Хитойнинг Гуйчжоу провинциясида муҳандислар ноёб лойиҳа устида иш олиб бормоқда — бу ерда тоғ иккига бўлиниб, 625 метр баландликда жойлашган Хуацзян кўприги қурилмоқда. Бу ҳақда The Independent хабар берди.

Гуйчжоу — 92 фоизи тоғ ва жарликлардан иборат ҳудуд бўлиб, автомобиль ҳаракати учун мураккаб релефга эга. Муҳандислар узоқ туннел қазиш ўрнига, бутун тоғ чўққиларини кесиб ўтувчи улкан кўприк қуришга қарор қилди.

Кўприкнинг техник хусусиятлари:

Баландлиги: 625 метр (Эйфел минорасидан баландроқ)

Узунлиги: 2890 метр

Қурилишда ишлатилаётган пўлат миқдори: 49 минг тонна

Бошқарув: ГПС кранлар ва шамол сенсорлари ёрдамида

Авваллари 70 дақиқа давом этган тоғ йўли, ушбу кўприк орқали атиги 1 дақиқалик хавфсиз ҳаракат йўлига айланиши режалаштирилмоқда. Бу ҳудуд аҳолиси учун шаҳарга тез ва қулай етиб олиш имконини яратади.

Хуацзян кўприги 2025 йил охирида фойдаланишга топширилиши кутилмоқда. У нафақат транспорт тизимини соддалаштиради, балки янги туристик масканга ҳам айланиши режалаштирилган. Лойиҳа доирасида экстремал спорт турлари ва юлдуз кузатиш нуқталари ҳам ташкил этилади.

Гуйчжоу провинцияси бугунги кунда “дунёдаги энг баланд кўприклар музейи” номини олишга муяссар бўлган.

Мадинабону Насриева, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА