Ноқонуний савдога чек қўйилди

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Миллий гвардия Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошқармалари вакиллари билан ўзаро ҳамкорликда кучли таъсир қилувчи воситалар савдосининг олдини олиш мақсадида Нукус шаҳрида тезкор тадбир ўтказишди.
Тадбир давомида олдиндан кузатувга олинган фуқаро харидорга таркибида кучли таъсир қилувчи воситалар бўлган дориларни сотаётган вақтида қўлга олинди. Шундан сўнг, гумонланувчи фуқаронинг кўрсатмасига асосан тезкор тадбир давом эттирилиб, бошқа бир фуқаронинг яшаш хонадони кўздан кечирилганида, у ерда жами 550 дона капсуладан иборат кучли таъсир қилувчи дори борлиги аниқланиб, ашёвий далил тариқасида олинди.
Шунингдек, тезкор тадбир Нукус деҳқон бозори ҳудудида ҳам давом эттирилиб, ўша атрофда ҳаракатланиб кетаётган яна бир фуқаро тўхтатилди. Гумонланувчи фуқарога тегишли сумка кўздан кечирилганида, унинг ичидан таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган 400 дона капсула топилди.
Марказий божхона лабораториясининг хулосасига асосан, мазкур капсулалар таркибида “Сибутрамин” кучли таъсир қилувчи моддаси мавжуд эканлиги маълум бўлди.
Тезкор тадбир давомида 950 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаси ноқонуний айланмасининг олди олинди. Аниқланган ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири