«Инсон қадри» йўлида аҳолига бепул тиббий кўрик

232

Ўзбекстон Республикаси давлат мустақиллигининг 34 йиллиги байрами олдидан Нукус шаҳрининг чекка ҳудудларидан бири  Қаратаў маҳалла фуқаролар йиғинида ҳақиқий инсоний меҳр ва ғамхўрлик руҳи устувор бўлган тадбир ўтказилиб, “Инсон қадри” тамойили асосида аҳоли саломатлигини асраш мақсадида кенг қамровли тиббий кўрик ташкил этилди.

Юрак-қон томир, семизлик, қандли диабет, ўпка йўллари каби кўп учрайдиган хасталикларни эрта аниқлаш, аёллар ўртасида эса қандли диабет ва кўкрак бези саратонининг олдини олишга йўналтирилган бу акцияда юзларда миннатдорлик, кўнгилларда умид ҳисси намоён бўлди.

Аҳоли рентген, УТТ, лаборатория текширувлари, ЭКГдан ўтди. Шунингдек, кардиолог, психиатр, травматолог, хирург, невропатолог, гематолог, отоларинголог каби турли йўналишдаги шифокорлар сайёр қабул ўтказди.



— Биз чекка ҳудудда яшаймиз, шифокорларга бориш қийин бўлади. Бугун эса шунча мутахассис ўзимизга келиб, текширув ўтказди. Бу бизнинг учун катта қулайлик,-дейди маҳалладошлардан М.Дилимбетова.

— Кўпинча касалликлар кеч аниқланади. Бундай кўриклар эса эрта ташхис ва даво имконини беради,-дейди тадбирда қатнашган  шифокор В.Упатуллаева.

Энг қувонарлиси, текширувлар натижасида аниқланган хасталиклар бўйича беморларга зарур бепул дори воситалари топширилди.

«Қаратаў» аҳли бу ташаббусни инсоний қадр ва соғлом ҳаёт сари муҳим қадам сифатида қабул қилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги