Антти Карттунен: Марказий Осиё ўткир муаммолар қаршисида сезиларли барқарорликни намойиш этмоқда

141

Ушбу фикрни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) лойиҳалари координатори Антти Карттунен VIII Марказий Осиё экспертлар форумида билдирди.

– Кўп томонлама ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш учун изчил тизимли экспертлар мулоқот майдонлари жуда зарур. Бугунги форум кооперацияни ривожлантириш бўйича умумий қарашлар ва амалий қадамларни ишлаб чиқишга хизмат қилади, – деди дипломат.

ЕХҲТ вакили Марказий Осиё давлатларининг юқори даражадаги консолидациясига юксак баҳо бериб, сўнгги вақтларда минтақа иқтисодий инқироз, иқлим ўзгариши, технологик трансформация каби ўткир муаммолар қаршисида сезиларли барқарорликни намойиш этаётганини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, бундай шароитда умумминтақавий муаммоларни ҳал этиш учун Марказий Осиёдаги барча давлатларнинг саъй-ҳаракатларини мувофиқлаштириш муҳим аҳамият касб этмоқда. – Минтақа келажаги бугун қилинган танлов ва ушбу танловнинг муштараклик даражаси билан белгиланади, – деди у.

Шу ўринда эксперт Марказий Осиё учун ҳар томонлама хавфсизлик – ҳарбий-сиёсий, иқтисодий-экологик ва инсон омилини қамраб олувчи концепцияни ишлаб чиқиш ғоят муҳимлигини алоҳида таъкидлади. Шу билан бирга, Антти Карттунен давлатларнинг минтақавий кун тартибидаги барча масалалар бўйича саъй-ҳаракатларининг муштараклиги архитектурани мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнашига ишонч билдирди.

Ғ.Хонназаров тайёрлади.

ЎзА