МДҲ доирасида жиноятларга қарши курашишда ахборот алмашинуви ривожлантирилади

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги делегацияси Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтган МДҲга аъзо давлатлар Ички ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этди.
Кенгаш мажлисида Ўзбекистон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон республикалари ҳамда Туркманистон ва Россия Федерацияси ички ишлар вазирликлари делегациялари, шунингдек, МДҲга аъзо давлатлар ҳудудида уюшган жиноятчилик ва бошқа хавфли жиноятларга қарши курашишни мувофиқлаштириш Бюроси директори, МДҲга аъзо давлатларнинг терроризмга қарши кураш маркази раҳбари ва МДҲ ижроия қўмитаси масъуллари иштирок этди.
Тадбирда МДҲ аъзо давлатларнинг ички ишлар вазирликлари ҳамкорлигининг устувор масалалари ва жиноятчиликка қарши кураш соҳасидаги давлатлараро дастурларни ижросини муҳокама қилинди.

МДҲга аъзо давлатлар ички ишлар вазирликлари ўртасида эксперт-криминалистика фаолияти соҳасида ҳамкорлик самарадорлигини ошириш, Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида содир этиладиган жиноятларга қарши курашишда ахборот алмашинувини ривожлантириш, МДҲга аъзо давлатларнинг йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида олий таълим ва қўшимча таълим дастурлари бўйича кадрлар тайёрлаш соҳасини ривожлантириш ҳамда ноқонуний миграцияга қарши курашишда ўзаро ҳамкорликнинг долзарб масалалари борасида музокаралар ўтказилди.
Делегациялар раҳбарлари томонидан кенгаш доирасида қабул қилинган қарорлар ҳамда кенгашга раислик қилувчи томонидан йиғилиш баённомаси имзоланди.
Тадбир доирасида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг Россия Федерацияси ҳамда Беларусь ички ишлар вазирлари билан икки томонлама учрашувлари ташкил этилди.
Томонлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари, жумладан, трансмиллий уюшган жиноятчилик, терроризм, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний савдоси ҳамда ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш масалаларида фикр алмашди. Шунингдек, мазкур соҳаларда кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишда ҳамкорлик алоқаларини такомиллаштириш бўйича истиқболли режаларни муҳокама қилди.
Тадбирлар дўстона ва конструктив руҳда ўтди. Томонлар келгусидаги алоқаларни институционал даражада ривожлантиришга, амалий натижаларга йўналтирилган қўшма лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олди.
Н.Абдураимова, ЎзА