«Равшан»да байрам тадбири бўлиб ўтди.

291

Элим деган, халқим деган ҳар бир инсон учун биргина шиор бор. У ҳам  эса «Ватан учун, миллат учун, халқ учун.» Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 34 йиллиги арафасида бўлиб ўтаётган байрам тадбирлари шу шиор остида олиб борилиб, унда иштирок этган ҳар бир юртдошимизнинг юзида табассум, шундай жаннатмакон юртда яшаётганлиги учун шукроналик туйғуларини ҳис этасан.

Шундай байрам тадбирларидан бири Қўнғирот туманидаги «Равшан» ҚФЙ ҳудудида жойлашган 5-сонли умумтаълим мактабида бўлиб ўтди.

Учрашув доирасида бўлиб ўтган маънавият фестивалида илм-фан, адабиёт ва санъат намояндалари, зиёлилар иштирок этиб, Мустақиллигимизнинг 34 йиллиги кенг нишонланиши, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида сўз юритди.

Кун тартибидаги масала бўйича учрашувда Қорақалпоғистон Республикаси Маънавият ва маърифат маркази, «Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзоси, ҚДУ доценти, юридик фанлар номзоди Х.Кабулов, Бердақ номидаги ҚДУ журналистика кафедраси профессори, филология фанлари доктори Т.Машарипова, «Вести Каракалпакстана» газетасининг махсус мухбири Х.Халилаева, «Нуроний» жамғармаси туман бўлими бошлиғи Х.Қурбонбоев ва кенг жамоатчилик вакиллари билан ўқувчи ёшлар иштирок этди.






Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг асосий йўналиши инсон омили учун бўлиб, ёшларнинг таълим олиши, илм ўрганиши, касб эгаллаши учун барча имкониятлар яратиб берилиши билан бирга хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг бандлигини таъминлаш учун олиб борилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўз юритди. Кўнглида Ватанга садоқат, миллатга ҳурмат ва халқпарварлик туйғуларини мустаҳкамлаш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўзлаб берди.

Байрам тадбири юртимизда истиқомат қилаётган турли миллат вакилларининг миллий куй ва рақсларидан тузилган концерт дастури билан давом этиб, халқлар дўстлиги байрамига уланиб кетди.

                                                                    Қорақалпоғистон ахборот агентлиги