«Тадбиркор аёл» танлови ғолиблари аниқланди

Жорий йилда ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ташаббуси билан ишлаб чиқилган лойиҳа «Тадбиркор аёл» танловига 10 йил тўлди. Мазкур танлов мамлакатимизда хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш, уларнинг иқтисодий-ижтимоий фаоллигини ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликдаги иштироки ва жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилмоқда.
Нукус шаҳар касбий кўникмалар марказида мазкур танловнинг Республика ҳудудий босқичи юқори савияда, байрамона руҳда ўтказилди.
Тадбирда депутатлар, ЎзЛиДеПнинг бошланғич партия ташкилотларидаги фаол хотин-қизлар, партиянинг масъул ходимлари, 50 дан ортиқ тадбиркор ва фермер аёллар, шунингдек, ҳамкор ташкилотлар – Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси, Қорақалпоғистон Республикаси фермерлар кенгаши ва касаба уюшмалари бирлашмаси ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Унда ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари А.Аслонов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Р.Сабиров, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси Ш.Отемисов ва ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси С.Турманов сўзга чиқиб, мамлакатимиз мустақиллигининг 34 йиллик байрами муносабати билан барчани самимий табриклаб, сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, айниқса, хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш соҳасидаги муҳим ташаббуслар ва амалий ишларга алоҳида эътибор қаратди.



Танловда шаҳар ва туман босқичларида ғолиб деб топилган 17 нафар тадбиркор хотин-қиз ўз фаолиятига оид видеороликлар ва кўргазмалари билан иштирок этди. Улар орасида миллий кийим брендларини тикиш билан шуғулланаётган цех раҳбарлари, 20 дан ортиқ турдаги нон маҳсулотларини ишлаб чиқараётган тадбиркорлар, фермер хўжалиги эгалари, хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш соҳаларида фаолият юритаётган ҳамда бир неча хотин-қизларни иш билан таъминлаётган илғор аёллар бор эди.
– Шунингдек, танлов доирасида ташкил этилган амалий маҳорат дарслари иштирокчилар учун нафақат янги билим олиш, балки уларни кундалик тадбиркорлик амалиётига самарали татбиқ этишда муҳим қадам бўлди, – дейди ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши бўлим бошлиғи А.Есемуратова.
Мутасаддилар томонидан ўтказилган машғулотларда гўзаллик салонини бошқариш сирлари, микро-зелен етиштириш усуллари ҳақида аниқ ва амалий тавсиялар берилди. Иштирокчилар ушбу билимлар орқали ўз бизнесларини янги босқичга олиб чиқиш имконига эга бўлиб, рақобатбардошлик ва даромадни оширишда катта имкониятлар очилди.
– Микро-зелен ҳақидаги амалий машғулот менга янги йўналиш берди. Бу арзон, лекин фойдали бизнес экан. Энди ўз ишимга қўшимча тарзда бу йўналишни ҳам бошлашни режалаштиряпман. Танлов – мен учун нафақат танишув ва кўргазма, балки янги ғоялар фабрикаси бўлди, – дейди Беруний туманида фермерлик фаолияти билан шуғулланаётган Наргиза Қурбониёзова.
Бундай билимлар аёлларга нафақат ишонч, балки даромад манбаини диверсификация қилиш, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш ва бозорда ўз ўрнини мустаҳкамлаш имконини беради. Тадбиркор аёллар маҳорат дарслари уларга янги руҳ, янги ғоя ва амалий билим олиб келганини таъкидлади.
Танлов натижаларига кўра 1-ўрин соҳибаси Амударё тумани Манғит шаҳридан нон ва нон маҳсулотлари, сутни қайта ишлаш кичик корхонаси раҳбари, «MF food» ва «AMUDARYO Milky Food» бренди асосчиси Дилдора Ҳайитбоева деб топилди. Шунингдек, Хўжайли тумани «Хатча мама» фермер хўжалиги раҳбари Тажибийке Маткаримова 2-ўринни, Кегейли туманидан миллий кийимлар тикиш цехи бошлиғи Гулнур Пердебаева 3-ўринни эгаллади.
Танлов ғолиблари ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан ажратилган пул мукофотлари, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Шунингдек, «Замонавий ташаббускор аёл,» «Йилнинг олижаноб тадбиркор аёли,» «Қишлоқни ижтимоий ривожлантиришда фаоллик кўрсатган фермер аёл,» «Инвестицияларни жалб этишда ташаббускор тадбиркор аёл» ҳамда «Энг ёш, фаол тадбиркор аёл» каби номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, алоҳида рағбатлантирилди.
Тадбир Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Нукус филиали томонидан ташкил этилган концерт дастури билан давом этди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги