Судловда тенгликни таъминлашга қаратилган таклифлар билдирилди

265

Нукус шаҳрида «Оилавий (маиший) зўравонлик ва жинсий зўравонлик билан боғлиқ жиноятлар ва маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилган ишлар, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари ҳамда келгусидаги вазифалар» мавзусида семинар бўлиб ўтди.

Тадбирни Олий суд раисининг биринчи ўринбосари И.Муслимов олиб бориб, ушбу тоифадаги жиноят ишлари бўйича суриштирув, тергов органлари ва судьялар томонидан қарор қабул қилишда йўл қўйилаётган хато-камчиликлар, уларнинг олдини олиш чоралари ва суд амалиётини бирхиллаштириш масалаларига алоҳида тўхталди.

Мазкур семинар 2023 йил 11 апрелда қабул қилинган «Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонунига асосан юзага келган ҳуқуқий ўзгаришлар амалиётга қандай татбиқ этилаётганини таҳлил қилишга бағишланди.

Мазкур Қонун Жиноят кодексига 126-1-модда (оилавий (маиший) зўравонлик) ва 141-3-модда (шаъни ва қадр-қимматини камситувчи маълумотларни тарқатиш), Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга эса 59-2-модда (оилавий (маиший) зўравонлик) ва 41-1-модда (жинсий зўравонлик қилиш) киритилган.

– Шунингдек, Қонуннинг ижросини таъминлаш ва ҳуқуқнинг бир хилда қўлланилишини таъминлаш мақсадида Олий суд Пленуми томонидан 2023 йил 20 апрель куни қарор қабул қилинган бўлиб, у судлар учун амалий қўлланма вазифасини бажаради. Мазкур қарор суд амалиётида янги ҳуқуқий нормаларнинг аниқ ва адолатли қўлланилишини таъминлашга хизмат қилишга қаратилган, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси судининг бош консультанти Г.Ганиева.

Аммо, қонун қабул қилинганига 2 йилдан ортиқ вақт ўтган бўлса-да, ҳанузгача суриштирув, тергов органлари ва судлар томонидан қатор жиддий хато-камчиликларга йўл қўйилиб, семинарда ушбу камчиликларни бартараф этиш бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланди.

Тадбирда судьялар, прокуратура ва ички ишлар органлари ходимлари, Ижтимоий ҳимоя агентлиги ва болалар ҳуқуқлари бўйича вакилларнинг минтақавий вакиллари иштирок этиб, қонунни ижро этиш, профилактика ишлари, жабрланганларга ёрдам кўрсатиш, жиноят ишларини самарали тергов қилиш ва суд амалиётида тенг ёндашувларни таъминлашга қаратилган таклифлар билдирилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги