Экспорт имкониятлари ва заҳираларини фаол ишга солиш зарур

269

Куни кеча давлатимиз раҳбари раислигида тўқимачилик соҳасида экспорт имкониятлари ва заҳираларни ишга солиш масалалари юзасидан бўлиб ўтган  видеоселектор йиғилишида дунёда сунъий тола ва аралаш матога талаб йилдан йилга ошиб бораётганлигига урғу берилиб, 2028-йил 1-январга қадар аралаш мато ва газлама божхона божидан озод этилиши таъкиданди.

Шунингдек, йиғилишда Европа ва АҚШ бозорига тайёр кийим-кечак экспортини кенгайтириш масалаларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.

Тўқимачилик корхоналарига имтиёз ва имкониятлар, рағбатлар берилиши натижасида олис туманларда ҳам корхона филиаллари очилиб, аҳолининг иш билан таъминланиши бўйича илгари сурилган ташаббуслар Қорақалпоғистон Республикасидан бошланиши белгиланди.

Йиғилишда берилган вазифалардан келиб чиқиб, Қорақалпоғистон Республикаси Божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари М.Уразалиев Беруний туманида трикотаж мато ва тайёр кийим-кечак ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи корхонада бўлди.

Йилига 6 млн дона тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга мазкур корхонада бугунги кунда 350 нафар маҳаллий аҳоли доимий иш ўринлари билан таъминланган.

Корхона 2024-йил давомида 2,9 млн АҚШ доллари қийматидаги 641 тонна кийим-кечак ва ип калава маҳсулотларини Хитой, Покистон, Россия, Туркия ва Украина давлатларига экспорт қилган бўлса, жорий йил бошидан 272 минг АҚШ доллари қийматидаги товарлар экспорти амалга оширилган.

Учрашув давомида божхона масъуллари томонидан корхона раҳбарига “божхона ҳудудида қайта ишлаш” режими афзалликлари тушунтирилиб, режимдан фойдаланган ҳолда келгусида корхона экспорт салоҳиятини янада ошириш имкониятлари амалий мисолларда кўриб чиқилди. Тўқимачилик соҳаси учун қонунчиликда яратилган имконият ва имтиёзлар юзасидан маълумот берилди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги