Эшик ва деразаларнинг хавфсизлиги тўғрисидаги техник регламент тасдиқланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Эшик ва деразаларнинг хавфсизлиги тўғрисидаги техник регламентни тасдиқлаш ҳақида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, Эшик ва деразаларнинг хавфсизлиги тўғрисидаги техник регламент тасдиқланди.
Регламентда:
эшик ва деразаларнинг хавфсизлик талаблари;
эшик ва деразаларни миллий мувофиқлик белгиси билан тамғалаш;
техник регламент талабларига риоя этилиши бўйича давлат назорати белгилаб берилган.
Мазкур қарор билан Техник регламентни жорий этиш схемаси ҳам тасдиқланди.
Регламент эшик ва деразаларга ҳамда уларнинг элементларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўлланилиши ва бажарилиши мажбурий бўлган ягона талаб ва қоидаларни белгилайди.
Техник регламент талаблари қуйидаги маҳсулотларга татбиқ этилмайди:
ушбу Техник регламент амалга киритилгунига қадар ишлаб чиқарилган эшик ва деразалар;
фойдаланишда бўлган эшик ва деразалар;
миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари ва ўз эҳтиёжлари учун ясалган эшик ва деразалар.
Ушбу регламент талаблари қуйидаги тур ва таснифдаги эшик ҳамда деразаларга тааллуқлидир:
а) эшиклар:
мўлжалланишидан келиб чиқиб (бинога кириш эшиклари, жамоат, ишлаб чиқариш ва қўшимча бино ҳамда иншоотларнинг хоналарига кириш учун ички кириш эшиклари, хоналар ўртасидаги эшиклар, санузеллар эшиклари);
профиль элементларининг материаллари бўйича (пластик, алюмин, тахта, пўлат эшиклар);
конструктив бажарилишига кўра (икки тавақали, тебранувчан, суриладиган, йиғиладиган эшиклар);
б) деразалар:
функционал мўлжалланишидан келиб чиқиб (асосий, махсус, шовқиндан ҳимояловчи, синдиришга чидамли, қўшимча хоналар (зинапоялар катаклари, техник қаватлар, чордоқлар, ертўлалар) учун);
профиль элементларининг материаллари бўйича (пластик, алюмин, пўлат, композит);
конструкция тури бўйича (бир қаватли, жуфт қаватли, ажратилган, ажратилган-жуфт).
Қарорга кўра Техник регламент талабларига мувофиқлиги тасдиқланмаган эшик ва деразалар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реализацияга чиқарилмайди.
Регламент расмий эълон қилинган кундан бошлаб олти ой ўтгач амал қила бошлайди.
ЎзА