«Аёллар дафтари»  Дилнозага омад олиб келмоқда

216

Ишсизликдан қутулиш, қўшимча даромад топиб, оиласига манфаат келтириш орқали муаммоларга ечим топиш учун мамлакатимизда кенг имкониятлар яратилган. Ундан ўринли фойдаланиб, ишнинг кўзини билган одамларгина қийинчиликлардан чиқмоқда. Мамлакатимизда олиб борилаётган «Камбағалликдан – фаровонлик сари» дастури асосида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар ҳам жойларда бўлаётган ижобий ўзгаришлар билан ўз самарасини бермоқда.

Амударё тумани Шайкўл қишлоғида яшовчи фаол ва ташаббускор аёллардан бири – Дилноза Айтимбетова «Аёллар дафтари» орқали турмушида дуч келаётган қийинчиликлардан чиқиб келяпти. Маҳалла мутасаддилари кўмагида у паррандачилик фаолиятини йўлга қўйиш учун имтиёзли кредитга эга бўлди.

Меҳнатсеварлик ва тиришқоқлик билан иш бошлаган Дилноза жорий мавсумда тўрт марта жўжалар парваришлаб, уларни маҳалла аҳлига сотди ва оиласига қўшимча даромад топишга эришди. Унинг бу саъй-ҳаракатлари нафақат оиласига қўшимча даромад келтирди, балки маҳаллада соғлом рақобат ва ишбилармонлик муҳитини мустаҳкамлашга замин яратди.



– Келгусида паррандачиликни янада кенгайтириб, уни тўлақонли бизнесга айлантириш режалари устида иш олиб бормоқдаман. «Товуқ етти хазинанинг бири,» деганларидек, бу жониворларга меҳр бериб боқиб, оиламиз билан гўшти, тухумини еб, шунингдек, маҳалладошларимга ҳам сотиб, қўшимча даромад топишга эришяпмиз. Ишсизликдан қийналиб нима қилишини билмай ўтирган аёлларга маслаҳатим, ҳеч қачон иккиланмасдан юртимизда яратилаётган имкониятлардан ўринли фойдаланишларини тавсия этган бўлардим, – дейди Дилноза.

Д.Айтимбетова ўзига бўлган ишончи ва меҳнатсеварлиги билан бошқа хотин-қизлар учун ҳаётий намуна бўлиб хизмат қилмоқда.

Г.Турдишова, Қорақалпоғистон ахборот агентлиги