НДПИда махсус маълумотлар маркази ташкил этилди

Ҳозирги вақтда Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида талабаларга қўшимча қулайликлар яратиш борасида самарали ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, талабаларни турар жой билан таъминлашда навбатларнинг ҳамда ўқув йили бошланиши арафасида талабаларнинг турар жойсиз қолиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида маълумотлар маркази фаолияти йўлга қўйилди,-деп хабар бермоқда НДПИ матбут хизмати.
Ушбу марказда институтнинг талабаларни турар жой билан таъминлаш ишларини мувофиқлаштириш бўлими мутахассислари, тюторлар ва волонтёрлар томонидан турар жойга муҳтож бўлган талабаларни ётоқхона ҳамда ижара уйлар билан таъминлаш бўйича амалий ёрдам берилмоқда.
Институтда янги ўқув йили арафасида Нукус шаҳрида талаба-қизлар учун 1076 ўринли, ўғил талабалар учун 93 ўринли, Элликқалъа туманида 225 ўринли талабалар турар жойлари тайёр ҳолатга келтирилди.
Шунингдек, давлат-хусусий шериклик асосида уч жойда – 100, 400 ва 362 ўринли талабалар турар жойлари янги ўқув йилига талабаларни қабул қилмоқда.
Шу билан бирга, институт атрофидаги маҳаллаларда 600 га яқин ижара уйларининг шароитлари ўрганилиб, янги ўқув йилига тайёрлаб қўйилди.






Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамасининг 376-сонли қарори асосида тасдиқланган регламентга мувофиқ, талабаларнинг ётоқхоналарга жойлашиш бўйича аризалари жорий йилнинг 1 август кунидан бошлаб Ягона интерактив давлат хизматлари портали – my.gov.uz орқали қабул қилинмоқда.
Регламент асосида дастлаб имтиёз ва устунликка эга номзодлар талабалар турар жойларига қабул қилинади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги