Соғлом турмуш тарзи кундалик одатга айланиши керак

301

Айни пайтда жойларда тиббиёт соҳаси мутахассислари томонидан Президентимизнинг «Республикада соғлиқни сақлаш тизимини ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тамойилларини такомиллаштириш орқали соҳани ислоҳ қилишни босқичма-босқич давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-88-сонли фармони, «Соғлиқни сақлаш тизимида ислоҳотларни амалга оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-185-сонли қарори талабларининг ижросини таъминлаш мақсадида «Соғлом турмуш тарзини шакллантириш» мавзусида ўқув-семинарлари ўтказилмоқда.

Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлими томонидан «Тиббиётда муҳим 90 кун» дастури доирасида «Соғлом турмуш тарзини шакллантириш» мавзусидаги навбатдаги семинар Кегейли тумани тиббиёт бирлашмаси масъул тиббиёт ходимлари учун ташкил этилди.

Семинарда I ва II хавф гуруҳига киритилган фуқаролар ўртасида соғлом турмуш тарзи ва касалликлар профилактикаси бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди.

Шунингдек, семинарда тана вазни индексини ҳисоблаш, қандли диабетнинг 2 тури ва юрак-қон томир касалликлари хавфини аниқлаш бўйича телеграм-ботлар ва мобил иловалар, шунингдек, «Саломат бўлайлик» платформаси, сунъий интеллект ёрдамчиси билан қандай ишлаш кераклиги ўргатилди.

Иштирокчилар мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиб, фикр алмашди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги