Ёшлар бандлигига қаратилган амалий қадамлар

251

Бугунги кунда ёшларнинг бандлигини таъминлаш масаласига катта эътибор қаратилмоқда. Бу борада турли чора-тадбирлар, лойиҳалар ва ташаббуслар ҳаётга жорий этилмоқда. Шу мақсадда Тўрткўл туманида ҳам муҳим ташаббус амалга оширилди.

Туман прокуратураси ташаббуси билан ўтказилган меҳнат ярмаркасида 100 нафарга яқин ёшлар иштирок этди. Ушбу тадбир орқали уларнинг келажагига муҳим пойдевор қўйилди. Йигит-қизлар учун иш ўринлари тақдим этилди, ўзаро мулоқот ва маслаҳатлар ташкил этилди.

Ярмарка якунида 10 дан ортиқ ёшлар доимий иш билан таъминланди. Шу билан бирга, 5 нафар ёшга тадбиркорлик фаолиятини бошлашда кўмаклашиш белгиланди. Бундан ташқари, 4 нафар ёш ўзини ўзи банд қилиш йўналишида керакли меҳнат анжомлари билан таъминланиши режалаштирилди, – деб маълумот беради туман ҳокимлиги Ахборот хизмати бўлими.

Бу каби амалий ишлар орқали ёшлар нафақат даромад манбаига эга бўлмоқда, балки жамиятда ўз ўрнини ҳам топишмоқда. Бандлик масаласидаги ҳар бир ҳаракат – уларнинг келажакда мустақил ҳаёт кечириши, моддий барқарорлиги ва фаол фуқаро сифатида вояга етишида муҳим аҳамият касб этади.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги