Қишлоқ хўжалигидаги ютуқ ва муаммолар ҳам ўрганилмоқда

278

Ҳудудларда амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлигини ўрганиш мақсадида хизмат сафарини давом эттираётган қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов айни пайтда Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрмоқда.

Ташрифнинг дастлабки манзили Беруний тумани «Шаббоз» ОФЙ ҳудудида жойлашган Уразимбетов Нематжон, Рахматулла Чаман ва Кучкинов Қудрат фермер хўжаликларининг дала майдонлари бўлди.

Дала майдонлари кўздан кечирилганда, уруғлик пахта сифатида маҳаллий «Султон» нави экилгани, лекин барча далаларда суғориш масаласида бир хил камчиликларга йўл қўйилгани аниқланди. Натижада ғўзанинг касалликка мойиллиги ошгани, қатор оралари ёввойи ва навга мансуб бўлмаган ўтлар билан қоплангани қайд этилди.

Вазир далаларни кўздан кечириб, агротехник тадбирларнинг тўлиқ бажарилмагани ва вегетация жараёнида йўл қўйилган хатолар юзасидан эътироз билдирди.

Шу билан бирга, уруғлик пахтанинг касалликларга чидамсиз нави экилгани ва қатор ораларини бегона ўтлардан тезкорлик билан тозалаш бўйича мутасаддиларга қатъий топшириқлар берди.

Ўз навбатида, сувдан оқилона фойдаланиш, суғориш оралиғини меъёрда белгилаш ва далаларда ўз вақтида культивация ишларини олиб бориш бўйича тавсиялар берди.

Ҳар бир фермер хўжалиги ҳосилдорлик ва сифат кўрсаткичларини ошириш учун илмий тавсияларга таянган ҳолда, агротехник қоидаларга қатъий амал қилгандагина режалаштирилган ишлар саморадорлиги ошиши таъкидлаб ўтилди.

Шундан сўнг вазир «Шаббас» агрокластери музлаткичли омборхонаси фаолияти билан яқиндан танишди.

Бу омборхонада ҳозирги вақтда 700 тонна буғдой уруғи сақланмоқда. Шундан 200 тоннаси тиндириб бўлинган бўлса, қолган 500 тоннаси тинчлик даврини ўташ жараёнида. Уруғлар асосан «Аср,» «Дружба» ва «Андижон» каби серҳосил навлардан иборат бўлиб, улар ҳосилдорлиги ва турли иқлим шароитларига мослашувчанлиги билан ажралиб туради.









Омборда уруғларни +1 даражадан +5 даражагача бўлган ўртача ҳароратда сақлаш тизими жорий этилган. Бу шароит уруғларнинг биологик фаоллигини сақлаб қолиш, тиним даврини сифатли ўтказиш ва кейинчалик юқори кўрсаткичли ҳосил олиш имконини беради. Ўртача 45 кун давом этадиган тиним давридан сўнг уруғлар экишга тайёр ҳолатга келтирилади.

Кластерда қўшимча қурилган музлаткичли омборга яна 150 тонна уруғлик дон олиб келиниб, яровизация жараёни ўтказилади. Яровизация – уруғларни махсус ҳарорат ва намликда қайта ишлаш жараёни бўлиб, бу усул ҳосилдорликни оширишда, унинг сифати ва барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.

Ташриф чоғида вазир омборхона фаолиятини юқори баҳолаб, бундай замонавий инфратузилмалар қишлоқ хўжалигида самарадорликни ошириш ва мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим ўрин тутишини таъкидлади.

Шундан сўнг тумандаги «Озод интенсив боғ» фермер хўжалигида бўлиб, у ердаги шароитлар билан танишди. 10 гектар майдонда барпо этилган боғда олма, узум, шафтоли ва нок етиштирилмоқда. Замонавий томчилатиб суғориш тизими билан тўлиқ таъминланган боғ сувдан оқилона фойдаланиш ва ҳосилдорликни ошириш имконини бермоқда. Ўтган йили хўжалик узумдан 40 тонна ҳосил олган.

Албатта, янгиликка интилган фермер албатта юксалишга кўтарилади, бу боғ бунинг яққол исботи. Энг муҳим жиҳати – илмий асосланган агротехник тадбирларни бажариш ва ҳар бир навнинг биологик хусусиятларини ҳисобга олиб парваришлашдир. Шундагина меҳнатимиз хорижий бозорларда ҳам муносиб баҳоланади.

Вазир, боғни кўздан кечириб, «Озод интенсив боғ» каби ташаббускор хўжаликларни қўллаб-қувватлаш зарурлигини таъкидлади. Бундай тадбиркорлар ўз оиласига даромад келтириш билан бирга янги иш ўринлари яратади ва ҳудуд иқтисодиёти ривожига ҳисса қўшади. Шу боис, давлат томонидан кредит, субсидия ва илмий-техник маслаҳатлар орқали уларнинг фаолиятини янада мустаҳкамлаш чораларини кўриш зарур.

Фермер хўжалиги раҳбари келгусида хорижий давлатларга маҳсулот экспортини йўлга қўйишни режалаштираётганини маълум қилди. Вазир эса бу борада маҳсулот сифати, сақлаш ва логистика тизимларини янада кучайтириш, шунингдек, экспорт бозорларини кенгайтириш бўйича ўз тавсияларини берди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги