Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонасининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида эълон қилинган видеоконтентни 1 миллиондан ортиқ киши томоша қилди

137

Хусусан, жорий йил июль ойида Туркиядаги дипломатик ваколатхонамизнинг «facebook»даги саҳифасида эълон қилинган видеоконтент ва унинг доирасида кузатилган ижобий шарҳлар ижтимоий тармоқларнинг салоҳияти ва кучини яққол кўрсатиб берди.

Туркиялик машҳур фуд-блогер CZN-Burakнинг Ўзбекистон байроғи акс этган туркча «кунефе» ширинлигини пиширгани ҳақидаги видеога жавобан «food.travel.uz» ошпазлари томонидан тайёрланган ўзбек палови устида тасвирланган турк байроғи видеоси мамлакатимиз элчихонасининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида «CZN-Burakнинг Ўзбекистон ҳақидаги постига ўзбек ошпазлардан ажойиб жавоб: Туркия байроғи остида ўзбек палови. Яшасин ўзбек-турк қардошлиги!» сарлавҳаси остида жойлаштирилди.

Мазкур видеоконтент эълон қилинганидан сўнг Туркия жамоатчилиги томонидан ижобий руҳда кутиб олинди. 272 марта бўлишилган постга 22 мингдан кўпроқ киши «like» босди. Контентни эса 1 миллиондан кўпроқ киши томоша қилди.

Эътиборлиси, мазкур пост кузатувчилар ўртасида ижобий муҳит яратди ва унинг остига 235 киши ўз изоҳларини ёзиб қолдирди. Масалан «Mehmet Uğur» номли фойдаланувчи мазкур постга Ўзбекистон байроғи рамзини қолдириш баробарида «Ўзбекистон – жондир. Яхшиямки борсиз, гўзал инсонлар» – дея таъкидлаган.

«Miyase Keykubat» исмли аккаунт эгаси эса «Турк байроғини жуда гўзал тасвирлаганингиз учун катта раҳмат. Қўлларингиз дард кўрмасин. Ватаним Туркиядан саломлар», – дея изоҳ қолдирди. «Barış Koçak» исмли кузатувчи эса «Улуғ хоқон – Соҳибқирон Амир Темурнинг авлодларига саломлар бўлсин! Шарқнинг шоҳи ва малики бўлган Амир Темурнинг шонли халқи – ўзбек қардошларимга саломлар», – деб ёзади.