Непалда альпинистлар учун зўр имконият

120

Туризмни ривожлантириш ва кам ўрганилган ҳудудларга эътибор жалб этиш мақсадида Непал кейинги икки йил давомида Ҳимолай тоғининг 97 чўққисини бепул забт этишга рухсат берди.

Бу қарор дунёдаги энг баланд чўққи — Эверестга чиқиш учун рухсатнома нархи сўнгги тўққиз йилда биринчи марта оширилиб, сентябрдан бошлаб 15 000 долларга кўтарилиши асносида қабул қилинди.

Мамлакат Туризм бошқармаси ушбу ташаббус Карнали ва Судурпасчим вилоятларидаги табиий гўзалликни тарғиб қилишга ёрдам беришидан умидвор. Мамлакатнинг энг қашшоқ, ривожланмаган ҳудудлари ҳисобланадиган мазкур вилоятлардан танланган чўққилар 5 970 ва 7 132 метр баландликлар оралиғида жойлашган.

– Беқиёс гўзаллигига қарамай, кириш қийинлиги сабабли бу ҳудудларга туристлар, альпинистлар жуда кам келади, — дейди Туризм бошқармаси директори Ҳимол Гаутам. — Ўрнатилажак тартиб янги иш ўринлари яратиб, қўшимча даромад келтириб, маҳаллий иқтисодиётни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Ҳозирча ҳукумат ушбу чекка ҳудудларда инфратузилма ва транспорт имкониятини яхшилаш бўйича аниқ режа тақдим этгани йўқ. Сўнгги икки йилда мавжуд чўққиларнинг 68 тасига альпинист чиққан. Маълумот ўрнида айтиш жоиз, 2024 йил Эверестга чиқиш учун 421 рухсатнома берилган.

Рамзий маънода «Дунё томи» деб аталадиган, денгиз сатҳидан 8 849 метр баландликда жойлашган ушбу манзилда сўнгги йилларда ҳаддан ортиқ гавжумлик кузатилмоқда. Шу билан бирга экология муаммоси ва чиқишга уриниш пайти ҳалокат юз бериши билан боғлиқ турли хавотирлар ҳам кўпайган. Ўтган апрель ойида Непал Олий суди ҳукуматга Эверест ва бошқа йирик чўққилар учун рухсатнома сонини чеклаш бўйича кўрсатма берган.

Янги қонун лойиҳасига кўра, Эверестни забт этишни хоҳлаганлар аввал Непал ҳудудидаги 7 000 метрдан баланд чўққига чиққан бўлиши шарт бўлади. Шу сабабли Карнали ва Судурпасчимдаги бепул чўққилар альпинистлар учун мукаммал тайёргарлик манзили сифатида кўриляпти.

Мусулмон Зиё, ЎзА