Янги ўқув йили яқин: дарсликлар етарлими? (+видео)

127

«Ўзбекистон – 2030» стратегиясини «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил» иқтисодиёт йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2025 йил биринчи ярим йиллигида 277 та банддаги вазифаларни амалга ошириш белгиланган. Ўтган олти ой давомида ушбу вазифалардан 224 тасининг ижроси таъминланган. Қолганларининг эса муддати узайтирилган ёки ижро этилиш арафасида. Ялпи ички маҳсулот ҳажми 7,2 фоизга ошган, давлат бюджети маблағлари эса 27 фоиздан ошган.

Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг йиғилишида айтиб ўтилди. Унда депутатлар Давлат дастурининг 2025 йил биринчи ярим йилликдаги ижросини партия ғояларидан келиб чиққан ҳолда муҳокама қилдилар.

Хусусан, депутатлар асосий эътиборни таълим-тарбия, болаларни миллий руҳда тарбиялаш, китобхонликка ўргатиш борасидаги саъй-ҳаракатларга қаратдилар.

Ҳисоботда қайд этилганидек, ўтган даврда 35 та янги давлат мактабгача таълим ташкилоти ташкил этилди ва қамров 77 фоизга, 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлов қамрови эса 96 фоизга етди.

Фракция аъзолари мактабларни жорий таъмирлаш ҳамда дарсликлар ва бадиий адабиётлар билан таъминлаш, шунингдек, болалар учун миллий контентлар яратиш, боғчаларни адабиётлар билан таъминлаш каби масалаларни ўртага ташладилар.

Жумладан, депутат Умида Раҳмонова ҳудудлардаги ўрганишларда айрим мактабларни таъмирлаш ишлари октябрь-ноябрда якунлаш белгиланганига гувоҳ бўлинганини таъкидлаб, дарслар сентябрда бошланса, вақтида тугалланмаган таъмир ишлари таълим сифатига таъсир қилмайдими, деган саволни кўтарди. Шунингдек, мактабларнинг дарсликлар билан таъминланиши қай даражада ҳал қилингани билан қизиқди.

Бунга жавобан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги мутасаддиси таъмири октябрь-ноябргача кўзда тутилган мактабларнинг ўқувчилари яқин атрофдаги мактабларга жалб этилишини маълум қилди. Дарсликлар билан таъминлаш масаласи ҳам мунтазам эътиборда эканини, янги дарсликлар билан қамров даражаси 70 фоиздан ошганини айтиб ўтди.

Шунингдек, муҳокамаларда “Ёш китобхон” танловида ўқиш учун тақдим этилган китоблар рўйхатидаги барча китоблар мактаблар кутубхоналарида мавжудми, деган савол кўтарилди. Бунга жавобан мактабларга бадиий асарлар етказиб берилаётгани, шу билан бирга, Ёшлар ишлари агентлиги томонидан йўлга қўйилган “Мутолаа” контентида рўйхатдаги барча китобларнинг электрон ва аудио вариантлари жойлаштирилгани таъкидланди.

Муҳтарама Комилова, Дониёр Якубов, Анвар Аҳмедов (видео), ЎзА