Саккизинчи Марказий Осиё савдо форуми ташкил қилинди

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) томонидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги билан ҳамкорликда саккизинчи Марказий Осиё савдо форуми ташкил қилинмоқда.
Халқаро миқёсда эътиборга сазовор бизнес тадбир 2018 йил 17-18 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади.
Марказий Осиё савдо форуми мисли кўрилмаган платформа бўлиб, бизнес жамиятига истиқболда 70 миллиондан ошиқ мижози мавжуд Марказий Осиёнинг ривожланаётган бозорларидаги янги имкониятлар билан танишишга имкон беради. Ўтган йили Олмаотадаги форум 18 мамлакатдан 1100 дан ортиқ қатнашчиларни йиғди. Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида 2011 йилда ўтказилган биринчи форумда эса Осиё, АҚШ, Европа ва Яқин Шарқдан корхоналар раҳбарлари, давлат арбоблари ва мутахассислар ўз ғояларини алмашиш, шартномалар тузиш ва келажакдаги ҳамкорлик учун янги шерикчилик яратиш учун бу форумдан фойдаланган эди.
Бу йилги форум «Савдо ва инвестицияларни ривожлантиришда янги истиқболлар» деб номланган. Тадбир Марказий Осиёнинг, айниқса, Ўзбекистоннинг минтақавий ва халқаро савдо учун очилиб бораётганини акс эттиради. Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш суръатини тезлаштириш учун валюта либерализациясидан бизнес соҳасидаги ислоҳотларгача бўлган қатор чоралар кўрилмоқда. Форум билан бир пайтда савдо кўргазмаси ҳам бўлиб, унда бутун минтақадаги турли тармоқлар, шу жумладан, транспорт, туризм, ахборот технологиялари, асбоб-ускуна ишлаб чиқариш, мева-cабзавот етиштириш ва қайта ишлаш ва ҳакозо корхоналар иштирок этади.
Форумнинг ташкилотчиси USAIDнинг Марказий Осиёда рақобатбардошлик, савдо ва иш жойлари яратиш соҳаларидаги лойиҳаси бўлиб, у минтақанинг бешта мамлакатида мева-сабзавотчилик, туризм, транспорт ва логистика соҳаларида бандликни юксалтириш ва экспортни ривожлантиришга қаратилган. Минтақада корхоналар рақобатбардошлигини ошириш ва савдодаги тўсиқларни йўқотиш орқали USAID экспорт салоҳиятини юксалтириш учун хусусий секторга ҳам ёрдам беради.

 

Шарофиддин Тўлаганов, ЎзА