Байрам арафасида яна бир янги объект ишга туширилди

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган байрамга бағишланган тадбирлар кўтаринки руҳда давом этмоқда. Яқиндагина касб байрамини нишонлаган қурувчиларимиз ҳам байрамга муносиб совғаларини тайёрлашган.
Нукус шаҳридаги Янгибозор МФЙ ҳудудида ҳам янгидан қурилган 12-сонли оилавий поликлиникаси фойдаланишга топширилди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси М.Атамуратов, Соғлиқни сақлаш вазири М.Қурбонов, Нукус шаҳри ҳокими А.Данияров, шунингдек, тиббиёт ходимлари ва ҳудуд аҳолиси иштирок этди.
Тадбирда таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасини тубдан такомиллаштириш, тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш, жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, тиббиёт соҳасини замон талаблари даражасига олиб чиқиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, янги бинони қуриш учун Президентимизнинг топшириғи билан 7,2 млрд. сўм маблағ ажратилган эди. Шу асосда замонавий, барча қулайликларга эга янги ижтимоий объект қад ростлади.
– Илгари ҳудудимизда яшаётган фуқаролар 2-сонли оилавий поликлиникага бориб кўринар эди. Энди уйимизнинг ёнида жойлашган поликлиникага кўринадиган бўлганимиздан хурсандмиз. Ҳудуд аҳолиси янги қурилган поликлиниканинг ичини кўриб, яратилган шароитлар билан танишиб хурсанд бўлмоқда. Яратилган имкониятларнинг барчаси кўнгилдагидек. Илоё элимиз тинч, халқимиз омон бўлгай. Ҳудуд аҳолисининг мушкулини осон қилиб бергани учун Президентимизга катта раҳматлар айтамиз, раҳбарларимизга миннатдорчилик билдирамиз, – дейди ҳудуд аҳолиси.
Албатта, фойдаланишга топширилган ушбу поликлиника ҳудудда яшовчи фуқароларга тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилашга хизмат қилади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги