Қорақалпоғистонлик ёшлар Андижонда

Қорақалпоғистон Республикаси Чимбой туманининг касб-ҳунар ўрганиш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагидаги бир гуруҳ ёшлари зарур билим ва кўникмаларга эга бўлиш мақсадида Андижонга ташриф буюрди.Улар темирйўл вокзалида тантанали равишда кутиб олинди.
Меҳмонлар “Андижон мебель кластери”, «Олтинкўл гулчилик маркази», «Digital Hub» логистика маркази, Андижон шаҳридаги Заргарлик кластери фаолияти, Олтинкўл туманидаги Ижтимоият маҳалласида мебелчилик йўналишида олиб борилаётган ишлар, умуман, вилоятдаги бунёдкорлик, ёш тадбиркорлар томонидан амалга оширилаётган ибратли ишлар билан яқиндан танишди.
–“Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида Олтинкўл тумани Ижтимоият маҳалласида конвейр усулида мебель маҳсулотлари тайёрлаш ишлари жуда яхши йўлга қўйилган экан, – дейди чимбойлик Алишер Бектурсунов. – Маҳаллада қарийб 400 хонадон ана шу иш билан шуғулланаркан. Кимдир стол-стул ва бошқа мебель жиҳозларининг турли қисмларини тайёрлаб беради, кимдир йиғади, яна кимдир унга ишлов беради. Шу тариқа мебель маҳсулотлари тайёрланиб, харидорларга етказиб бериларкан. Ана шу жараёнларни кузатдик, бу бизда катта таассурот ва қизиқиш уйғотди. Ушбу маҳалла тажрибаси асосида ўзим яшайдиган маҳаллада мебелчиликни йўлга қўйишни ният қилдим. Насиб этса, шу ишни амалга оширишга астойдил ҳаракат қиламан.
Саёҳат давомида чимбойлик ёшлар турли йўналишларда фаолият олиб бораётган тадбиркорлар билан учрашди, иш жараёнларини бевосита кузатди, улар билан мулоқот ва суҳбатлар ўтказди.
Тадбиркорлар фаолияти билан танишув, улар билан суҳбатлар чимбойлик ёшларга ўзлари қизиққан ҳунарларни эгаллаш, юқори даромадли тадбиркорлик ғояларини амалга оширишлари учун катта рағбат берди.
Ёшлар ишлари агентлиги, Савдо-саноат палатаси вилоят бошқармалари, “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси томонидан қорақалпоғистонлик ёшлар учун Андижоннинг диққатга сазовор жойларига саёҳатлар ташкил этилди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари