Ўзбекистон ва Қирғизистон Қозоғистонга 600 млн куб метр сув етказиб беради

141

Жорий йилда Қозоғистоннинг жанубидаги суғориш учун сув танқислиги кескинлашгани боис Ўзбекистон ва Қирғизистон қўшни давлатга 600 миллион куб метр сув йўналтиради. Бу ҳақда Қозоғистон Бош вазири ўринбосари Қанат Бозумбаев маълум қилди.

Унинг айтишича, ҳозирги сув таъминоти бўйича вазият зудлик билан чора кўришни талаб этмоқда. Илгари эришилган уч томонлама келишувлар туфайли Қозоғистон деҳқончилик эҳтиёжларини қондириш учун зарур миқдорда сув билан таъминланади.

Қозоғистон расмийлари Ўзбекистон ва Қирғизистон вакиллари билан музокаралар ўтказган.

Бозумбаевнинг таъкидлашича, 2025 йилда Марказий Осиёда иқлимий шароит оғир кечмоқда — сув камайган, ёзда ҳарорат юқори, ёғингарчилик етарли эмас. Бу ҳолат сув сарфини оширган, аммо унинг кириб келиши камайган.