Тошкентдан Чорвоққача бўлган масофада янги автомобиль йўлини барпо этиш режалаштирилган

151

Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан йўл-транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, мавжуд йўлларни таъмирлаш ва янги йўналишларни барпо этиш борасида қатор муҳим қарорлар ва фармонлар қабул қилинмоқда.

Бу ислоҳотлар натижасида юртимизнинг барча ҳудудлари, хусусан, чекка туман ва қишлоқларда ҳам йўл тармоқлари изчил равишда янгиланмоқда.

Автомобиль йўллари қўмитаси умумфойдаланув автомобиль йўлларида олиб борилаётган таъмирлаш ва қуриш ишлари тўғрисида маълумот берди.

Қайд этилишича, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудуди географик ва иқлимий жиҳатдан мураккаб бўлишига қарамай, сўнгги йилларда бу ерда ижтимоий ва иқтисодий инфратузилмани яхшилаш, транспорт йўлларини таъмирлаш ва модернизация қилиш бўйича қатор амалий лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Ҳудудий лойиҳаларнинг амалий ифодаси сифатида Кегайли туманида олиб борилаётган йўлсозлик ишлари эътиборга лойиқ. Жумладан, Д234 (4Р176) “Нукус–Чимбой–Тахтакўпир” автомобиль йўлининг 35–36-километр оралиғида асфальт ётқизиш ишлари олиб борилмоқда. Беруний ТЙФДМ томонидан ташкил этилган ушбу таъмирлаш ишларига 10 та махсус техника, 17 нафар ишчи жалб қилинган. Таъмирлаш ишлари юқори технологик талаблар асосида олиб борилмоқда. Қурилиш ишлари ниҳоясига етгач, йўлнинг ўтказувчанлик қобилияти сезиларли даражада ошади, транспорт оқими силлиқлашади, йўловчиларнинг хавфсизлиги таъминланади ва маҳаллий иқтисодий фаоллик учун қулай шароит яратилади.

Арнасой туманида Айдар-Арнасой туризм маркази барпо этилиши муносабати билан бу ерда аэропорт қурилиши жадал суръатларда давом этмоқда.

Зомин туман Йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси томонидан объектда 300 минг метр куб тупроқ ишлари бажарилди, объектга зарур бўладиган 1200 метр куб қум-шағал аралашмаси махсус автотранспорт воситалари ёрдамида ташиб келтирилиб, захира яратилди. Жараёнларга 100 га яқин машина-механизм ҳамда 120 нафар ишчи ва механизатор жалб қилинган.

Бундан ташқари, Д012 «Бектемир-Чирчиқ-Ғазалкент-Чорвоқ қўрғони» автомобиль йўлининг 26,3-километрида темир йўл устидан ўтувчи йўл ўтказгич ва узунлиги 900,2 метрлик йўл қурилиб, фойдаланишга топширилиш арафасида.

Шунингдек, Тошкентдан Чорвоққача бўлган масофада янги автомобиль йўлини барпо этиш режалаштирилган. Мазкур лойиҳа Тошкент вилояти ҳамда Тошкент ва Сирдарё вилоятларини қамраб олган «Чорвоқ-Чимён» рекреацион ҳудудига қатновни яхшилаш мақсадида амалга оширилади.

Маълум қилинишича, йўл қурилиши концепцияси аллақачон ишлаб чиқилган. Ушбу лойиҳа танлов асосида етакчи компаниялар билан ҳамкорликда, давлат-хусусий шериклик механизмлари доирасида бажарилади. Мавжуд йўлга тегмаган ҳолда янги Тошкент — Чорвоқ автомобиль йўли қурилиши ҳам бошлаб юборилади.

Бухоро туманида барпо этилаётган янги халқаро аэропорт ҳозирда фойдаланиб келинаётган аэропортдан уч баравар кўп қувватга эга янги замонавий халқаро аэропорт бўлиши мақсад қилинган. Давлат-хусусий шериклиги асосида умумий қиймати 226 миллион АҚШ долларига тенг бўлган ушбу йирик лойиҳа доирасида жаҳон стандартларига мос замонавий аэропорт ташкил этилади. Хизмат кўрсатиш терминали орқали соатига 1 минг 200 нафар йўловчини кузатиб-кутиб оладиган мазкур аэропорт Бухоро шаҳрининг ҳам ўзига хос кўрки бўлиши кутилмоқда.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА