Женнифер Лопес концерти бўлиб ўтди (+видео)

331

Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ташаббуси билан Тошкент шаҳридаги “Бунёдкор” стадионида америкалик машҳур қўшиқчи Женнифер Лопеснинг ”Up All Night” номли концерт дастури бўлиб ўтди.

Кино ва мусиқа оламида бирдек ёрқин порлайдиган, ҳар бир концерти минглаб аудиторияни жамлайдиган хонанда Осиёдаги ўзининг энг катта шоусини Ўзбекистонда ўтказди.

Таниқли актриса ва эстрада юлдузининг 8 июлдан 12 августга қадар ўтказилаётган жаҳон гастролидан 13 мамлакатнинг 20 та шаҳри ўрин олган. Улар орасида Испания, Венгрия, Италия, Туркия, Полша, Руминия, БАА, Миср, Козоғистон, Арманистон каби давлатлар бор.

Ташкилотчилар маълум қилишича, 25 мингта чипта сотилган. Қизиқ факт шуки, ушбу чипталарнинг 15 мингдан ортиғи, яъни 67 фоизи хорижликлар томонидан олинган. Шундан 7,5 мингдан ортиғини россияликлар, 2,5 мингдан зиёдини козоғистонликлар, шунингдек, Европа ва бошка давлат фукаролари харид килган.

Қайд этиш керак, концерт учун юртимизга ташриф буюраётган фуқаролар саёҳат қилишни ҳам мақсад қилган ва энг камида 4-6 кунлик тур пакетлар сотиб олган. Ҳозир туризм мавсуми эмаслигини ҳисобга олсак, ёзнинг иссиқ кунларидаги сайёҳларнинг бундай оқими албатта яхши кўрсаткичдир.

Беҳруз Худойбердиев, Искандар Исматов (видео),

ЎзА