Оиладаги барқарорлик янгича психологик ёндашувлар ва самарали чораларни талаб этади
Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан оилавий низолар ва оилавий ажримларнинг олдини олиш, фарзанд тарбиясига масъулият билан ёндашишда психологик хизматларни йўлга қўйиш масалаларига бағишланган мулоқот ўтказилди.
Бош вазир ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова оилавий ажримларнинг олдини олиш, оилавий муҳит соғломлигини таъминлаш бугун долзарб эканини таъкидлади.

Йиғилишда келтирилган маълумотларга кўра, оилавий ажримларга асосий сабаблар орасида учинчи шахс аралашуви (15%), никоҳга тайёр эмаслик (14%), фарзандсизлик (11%), миграция ва узоқ вақт бирга яшамаслик (10%) каби омиллар қайд этилди.
Бундай кўнгилсиз жараёнларда 17 минг 13 нафар бола отасиз ёки онасиз қолган. Ажримлар сонининг ортиши жамиятдаги барқарорликка ҳам жиддий таҳдид солаётгани таъкидланди.

Давра суҳбати иштирокчилари томонидан мавжуд муаммоларни ҳал этиш, жамиятда соғлом ва барқарор оилаларни шакллантиришга қаратилган бир қатор муҳим чора-тадбирлар белгилаб олинди. Ҳар бир маҳаллада ишончли ва самарали психологик хизматлар тизимини йўлга қўйиш, ёшларни ҳаёт синовларига тайёрлаш мақсадида никоҳга тайёргарлик курсларини кенг жорий этиш зарурлигига эътибор қаратилди.

Шу билан бирга, оилаларда низо ва ажримга мойил ҳолатларни эрта аниқлаш, психологик ёрдам ва профилактик чоралар кўриш, мактабларда фаолият юритувчи психологлар билим ва маҳоратини ошириш, услубий қўлланмалар яратиш, ота-оналарни оилавий муносабат, фарзанд тарбияси ва бағрикенглик руҳида тарғибот ва тушунтириш ишлари билан қамраб олиш муҳимлиги қайд этилди.
Йиғилишда таъкидландики, республика бўйлаб ташкил этилган “Оила ва хотин-қизлар масканлари” орқали бугунгача 10 минг 89 та низоли оила яраштирилган, 10 минг 100 нафар аёл эса руҳий қўллаб-қувватлаш ва психологик ёрдам билан қамраб олинган. Бу кўрсаткичлар психологик хизматларнинг қанчалик таъсирчан ва ҳаётий муҳим эканини яққол исботлаб турибди.
– Бугун биз жамиятнинг энг муҳим устуни — оилани асраш ва мустаҳкамлаш учун аниқ ва самарали чоралар кўришимиз зарур, – деди Зулайҳо Маҳкамова. – Ҳар бир фарзанд соғлом муҳитда улғайиши, ҳар бир аёл ўзини ҳимояланган ва қўллаб-қувватланган ҳис этиши керак. Бу борада барчамиздан ҳамжиҳатлик, ёндашувда профессионаллик ва энг муҳими, қалбдан ҳис этиб иш юритиш талаб этилади.
Тадбир якунида тегишли вазирлик ва идораларга аниқ вазифалар юклатилди. Республика миқёсида махсус ишчи гуруҳлар тузилиши, ҳар бир ҳудудда психологик хизматларнинг сифатини янада яхшилаш, оилавий муаммоларга ёндашувда илмий, амалий ва инсонпарварлик мезонларини кенг қўллаш бўйича муҳим қарорлар қабул қилинди.
Н.Усмонова,
ЎзА мухбири