Трамп Арманистон ва Озарбайжон раҳбарлари билан учрашади (+видео)

АҚШ Президенти Дональд Трамп 8 август, жума куни Оқуйда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян билан учрашади. Ушбу мулоқот Кавказ минтақасида барқарор тинчлик ўрнатишга қаратилган муҳим дипломатик саъй-ҳаракат доирасида кечади, деб хабар тарқатди Euronews.
Арманистон ҳукумати кеча Пашиняннинг АҚШга расмий ташрифи ҳақида маълум қилди: – 7-8 август кунлари Арманистон Республикаси Бош вазири Никол Пашинян АҚШга ташриф буюради. Сафар доирасида у Президент Дональд Трамп билан икки томонлама учрашув ўтказиб, Арманистон – АҚШ стратегик ҳамкорлигини мустаҳкамлаш масаласини муҳокама қилади. Шунингдек, Озарбайжон раҳбари Илҳом Алиев иштирокида уч томонлама музокара ҳам ўтказилади.
“The Washington Post” ёзишича, Трамп бу учрашув орқали Ереван ва Боку ўртасидаги кўп йиллик низони якунлаш ва тинчлик битимига эришишни мақсад қилган. Турли манбалар учрашув якунида тинчлик битими эълон қилиниши эҳтимоли мавжудлигини таъкидламоқда.
2024 йил 13 март куни Арманистон Ташқи ишлар вазирлиги тинчлик шартномаси лойиҳаси Озарбайжон билан келишилгани ва Ереван ҳужжатни имзолаш вақти ҳамда жойи бўйича музокарага тайёрлигини маълум қилганди.
Айни пайт Озарбайжон ТИВ матбуот котиби Ойхон Ҳожизода мазкур келишув бир неча шарт бажарилган тақдирда амалга ошиши мумкинлигини айтган. Масалан, Арманистон Конституциясига ушбу ҳужжатда акс этган Озарбайжонга нисбатан ҳудудий даъвони истисно этувчи ўзгариш киритилиши лозим. Бунга жавобан, Пашинян келгусида янги Конституция қабул қилиш ташаббуси билан чиқиши мумкинлигини билдирган. Яна бир шарт орқали Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳузуридаги Минск гуруҳини расман бекор қилиш сўралган. Боку бу тузилмани эскирган, деб билади. Ереван эса, ўз навбатида, бунга мамлакатнинг ички иши сифатида қарайди.
10 июль куни Алиев ва Пашинян Абу-Дабида 5 соат музокара ўтказди. Суҳбат давомида Зангезур йўлаги – Арманистоннинг Сюник вилояти орқали Озарбайжоннинг асосий қисмини Нахчивон Мухтор Республикаси билан боғловчи транзит йўли асосий масала сифатида кўтарилди. Ереван бу йўлакка рухсат беришга тайёрлигини билдирган ҳолда, лойиҳанинг ҳуқуқий мақоми ва йўлак назорати юзасидан аниқ келишув талаб қилмоқда.
Вашингтондаги учрашувлар айни масалаларни қайдаражада ҳал қилиши бир неча кун ичида ойдинлашади.
Кенжа Бекжонов, Анвархўжа Аҳмедов (видео), ЎзА