Нукус туманида оилавий шифокорлик пункти фойдаланишга топширилди

Нукус тумани «Дийқан арна» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида Дийқан арна оилавий шифокорлик пунктининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Очилиш маросимида туман ҳокими З.Зайтов, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири М.Қурбонов, туман прокурори П.Халмуратов, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастурининг қишлоқ жойларини барқарор ривожлантириш бўйича мутахассиси Г.Жапақова, тиббиёт ходимлари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Очилиш маросимида туман ҳокими З.Зайтов ва бошқалар сўзга чиқиб, янги бинонинг фойдаланишга топширилиши билан йиғилганларни табриклади.
Сўнгги йилларда юртимизда барча соҳалар қатори тиббиёт соҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада муҳтарам Президентимизнинг бевосита раҳбарлигида жуда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шу асосда халқимиз саломатлигини яхшилаш, уларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш янги босқичга кўтарилмоқда.







Шифокорлик пункти кунига 50 нафар беморни қабул қилиш имкониятига эга бўлиб, бинода лаборатория, эмлаш хонаси, даволаш хонаси, афтоклав хоналари фуқаролар учун хизмат қилади. Тадбир давомида меҳмонлар бинонинг ички имкониятлари билан танишиб, қулайликларини юқори баҳолади.
Мазкур бино ОПЕК халқаро тараққиёт фонди иштирокида «Қишлоқ жойларни барқарор ривожлантириш» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор асосида 3 млрд. 40 млн сўмлик маблағ ажратилиб, қуриб битказилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги