Чорвачиликда янги қонун: бир марталик идентификация бепул бўлади

118

Мамлакатимизга ҳайвонларнинг юқумли касалликлари кириб келишининг олдини олиш, ветеринар осойишталикни таъминлашда ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилишга қаратилган қонун қабул қилинди. Шу билан бирга, янги ҳужжатда ҳайвон эгаларига ҳам бир қатор имкониятлар юзага келиши акс этган.

Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 6 августда “Ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди.

Аввало шуни таъкидлаш керак, ушбу қонун билан ҳайвонларни идентификация қилиш, рўйхатга олиш ва кузатиш соҳасидаги муносабатлар тартибга солинади.

Яъни, ушбу қонун асосида ҳайвонларни идентификация қилиш бўйича ягона давлат сиёсати юритилади. Чорва ҳайвонлари ва ҳайвон эгаларининг ягона реестрини яратиш ва уларнинг ҳисобини юритувчи электрон ахборот тизими жорий қилинади.

Дейлик, ҳайвонга нисбатан эгалик ҳуқуқига даъво қилиш имконияти пайдо бўлади. Ҳайвоннинг ҳақиқий эгасини идентификация қилинганлик орқали аниқлашга ёрдам беради. Ҳайвон эгаларига ўтказилган диагностик текшириш натижалари ва даволаш ишлари ҳақидаги маълумотларни олиш имкони яратилади.

Мавжуд чорва мол бош сони тўғрисида ягона электрон маълумотлар базаси яратилади.

Чорва ҳайвонларининг ўта хавфли юқумли касалликларига давлат томонидан бепул тўлиқ профилактик эмланишига эришилади. Натижада ҳайвонлар орасидаги эпидемик хавфнинг олди олинади. Идентификация қилинган ҳайвонлардан олинадиган маҳсулотларнинг сифати ва ҳавфсизлиги таъминланиб, ички ва ташқи бозорларда сотиши кафолатланади.

Касалликлар ва турли сабабларга кўра нобуд бўлган (ҳаром ўлган) чорва ҳайвонлар гўштини хуфиёна сотиш қонун билан таъқиқланади ва истеъмолга яроқсиз чорвачилик маҳсулотлари савдосига чек қўйилади.

Ҳар бир бош чорва тўғрисидаги маълумотлар ягона электрон базага киритилади ва тирик чорва ҳайвонлар савдоси манзилли амалга оширилади. Чорва ҳайвонлари сақланиши ва миграцияси тартибга олинади ва доимий мониторинг қилиш тизими яратилади. Энг муҳим жиҳати шундаки, идентификациядан ҳайвон эгаларига ортиқча юк тушмайди. Яъни, бир марталик бепул тўлиқ идентификация қилиб берилади.

Хонадон эгалари чорва ҳайвонлари туғилганда, сотганда ёки сўйганда смартфон телефони орқали ёки оғзаки мурожаати билан рўйхатга олинади ва рўйхатдан чиқарилади. Бунда ҳеч қандай маблағ талаб этилмайди.

Мазкур қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнларини тезлаштиради.

И.Аввалбоев, ЎзА