«Оқтерак»лик ёшлар ажратилган ерларда мўл ҳосил етиштирмоқда

224

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 апрелдаги «Ёшларга ер ажратиш орқали уларнинг даромадларини ошириш ва бандлигини таъминлаш, шунингдек, янги ер майдонларини ўзлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида Нукус туманида бир қатор амалий ишлар амалга оширилмоқда.

Ушбу қарорга асосан, Нукус тумани «Оқтерак» маҳалла фуқаролар йиғинидаги ишсиз, лекин деҳқончиликка қизиқиши ва ишлаш истагида бўлган ёшларга очиқ-ошкора аукцион орқали 1 гектаргача ер майдонлари ажратиб берилди. Бу орқали нафақат ёшларнинг доимий бандлиги таъминланиб қолмасдан, балки уларнинг ўз меҳнати билан даромад топишига ҳам кенг имконият яратилди.

Айни пайтда, ажратилган ерларда қовун-тарвуз ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинлари етиштирилмоқда. Унумдорлиги юқори, бозор талабига мос, экологик тоза маҳсулотлар ички бозорда ҳам, экспорт йўналишларида ҳам харидоргир ҳисобланади.

– Президентимиз қарори билан бизнинг маҳалламиздаги 56 нафар ишсиз ёшга ер ажратиб берилди. Ушбу ёшларнинг 30 таси ерларига полиз экинларини экиб турган бўлса, 26 таси донли экинларни экиб етиштирмоқда. Ҳозирги кунда ёшларимиз қилган меҳнатларига яраша даромад топиб, оиласига қўшимча даромад киритиб ва халқимизга мазали, сифатли полиз маҳсулотларини етказиб келмоқда, – дейди «Оқтерак» МФЙ ёшлар етакчиси Қўблон Сарсенбаев.

Маҳалла ёшларидан бири Руслан Қодирбергенов ўзи, укаси ва турмуш ўртоғи  номига 3 гектар ер олиб, икки йилдан буён қовун-тарвуз ва бошқа полиз экинларини экиб етиштириб келмоқда.





– Ўтган йили экинларимиз унчалик мўл ҳосил бермади. Келгуси йилга ерни яхшилаб тайёрлаб, бу йил шу меҳнатларимизнинг самарасини кўрмоқдамиз. Ҳозирда мазали қовунларни йиғиб, Хоразм ва Бухоро вилоятларига сотмоқдамиз. Ҳозирги вақтда ўн нафар ёшнинг бандлигини таъминлашга эришдим. Биз ёшларга шундай имкониятларни яратиб бераётган Президентимиздан беҳад миннатдормиз. Ишсиз ёшларга айтадиган гапим, юртимизда яратилаётган имкониятлардан ўринли фойдаланиб, меҳнат қилишдан қочмаса, яхши ютуқларга эришади, – дейди Р.Қодирберганов.

Г.Турдишова, Қорақалпоғистон ахборот агентлиги