«Гашиш»ни ички кийимларига яшириб ўтмоқчи бўлди

203

Қорақалпоғистон Республикаси Божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан ДХХ, ИИВ ходимлари билан биргаликда олинган маълумотлар асосида Нукус шаҳридаги йўл патруль хизмати масканида тезкор тадбир ўтказилди.

«Тошкент-Нукус» йўналишида ҳаракатланиб келаётган енгил автотранспорт воситаси тўхтатилиб, ушбу автотранспортдаги йўловчи ва унга тегишли бўлган сумкалар гувоҳлар иштирокида кўздан кечирилганда, фуқаронинг устидаги ички кийимларига яширин тарзда яширилган 2 дона шаффоф рангдаги полиэтилен пакетларда ўткир ҳидли, тўқ жигарранг тусдаги, ўрами билан оғирлиги 58,12 грамм бўлган «гашиш» гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқланди.

Тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу фуқаронинг Нукус шаҳри ҳудудидаги яшаш уйи кўздан кечирилганда, унинг уйида 3,58 грамм «марихуанна,» 1 грамм «опий», 8 грамм «каннабис» гиёҳвандлик ўсимлигининг уруғлари, 1 грамм «гашиш» гиёҳвандлик воситалари ва 1 дона гиёҳвандлик воситаларини ўлчашда фойдаланилган электрон тарози борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида вақтинча сақлашга олинди.

Мазкур ҳолат юзасидан Божхона бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.

Маълумот учун таъкидлаш жоизки, жорий йил бошидан буён Қорақалпоғистон Республикаси Божхона бошқармаси томонидан 665 грамм гиёҳвандлик воситаларининг мамлакатимиз чегаралари орқали ҳаракатланиши ва ички ҳудудда муомалада бўлишининг олди олинган.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги